Давлат ташкилотлари ҳам ёлғон маълумот тарқатишни тўхтатиши керак – АҚШлик кузатувчи
Жамият
−
22 Декабрь 2019
4791“Одамлар истаганини гапира олиши – бу сўз эркинлиги. Лекин сўз эркинлигининг ҳам ўз чегараси бўлиши керак. Ёлғон хабар тарқатиш сўз эркинлиги ҳисобланмайди. Хоҳлаганимни гапириш мумкин экан, дея қонунларни бузмаслик ва сўз эркинлигининг ўз принципларини унутмаслик зарур”, дея сўз эркинлиги борасидаги ўз қарашларини билдириб ўтди Колумбия университети Халқаро ва жамоатчилик муносабатлари мактаби профессори Уильям Эймике.
Кеча, 21 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Дилшод Саиджонов билан ўтган учрашувда америкалик профессор Уильям Эймике жамиятда ОАВнинг ўрни ва сўз эркинлиги масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.
“Деярли барча мамлакатларда журналистика ўз даромадини реклама орқали топади. Бунда улар томонидан берилаётган маълумот қай даражада қизиқ, одамларни ўзига жалб қила олаётгани ва бошқа масалалар муҳим ҳисобланади. Иқтисодий тарафдан ОАВнинг қўлланилиши жуда кўп давлатларда бўлганидек АҚШда ҳам муаммо ҳисобланади.
Журналистика молиявий томонни устун қўйиб одамларга керакли ахборотдан воз кечмаслиги керак. ОАВнинг обрўси одамларга нотўғри ва тўлиқ бўлмаган ахборотлар бермаслик орқали ошиб бораверади”, дейди сайлов кузатувчиси.
Уильям Эймике шунингдек, давлат ташкилотларининг маълумот тарқатиши тўғрисида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Ўз ўрнида, давлат ташкилотлари ҳам ёлғон маълумотлар тарқатишни тўхтатиши керак. Одамларга борича маълумот берилиши керак. Масъул ташкилот статистикаларни қандай кўрсатса, қолганлар ҳам буни шундай қабул қилади. Шу сабабли очиқлик ва шаффофликка асосланган ахборотлар тарқатиш тизимини яратиш муҳим вазифа ҳисобланади”, дейди профессор Уильям Эймике.
Уильям Эймике 1949 йил 23 февралда АҚШда туғилган. Бир неча йил АҚШ Нью-Йорк штатининг бюджет масалалари бўйича бошқармасида фаолият юритган. Бир оз муддат Нью-Йорк штати губернаторининг сиёсий масалалар бўйича котиби лавозимда ҳам ишлаган. Ҳозирда Колумбия университети Халқаро ва жамоатчилик муносабатлари мактаби профессори ҳисобланади.
LiveБарчаси