Давлат тадбирида Туркистон мухторияти ёдга олиниши нимадан дарак?
Жамият
−
02 Сентябрь 2022
20976Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан жорий йилнинг 31 август куни мамлакат сиёсий элитаси иштирокида “Янги Ўзбекистон” боғида ўтказилган давлат тантанасида илк бор Туркистон мухториятига ёдга олиниб, жадид, мутафаккир, шоир Чўлпоннинг “Гўзал Туркистон, сенга не бўлди?” номли шеъри билан куйланган марш ижро этилди. Бу ўтган 31 йилдаги энг муҳим ва тарихий ҳодиса сифатида эътироф этилмоқда.
Гап шундаки, мустақилликнинг дастлабки 25 йилида, Биринчи Президенти Ислом Каримов даврида Ўзбекистон заминидан ўтган тарихий шахслар номи тикланиб, шаҳидлар, қатағон қурбонлари маълум саналардагина ёд этилган бўлса-да, уларнинг номи кўпинча тилга олинмас, ҳаёти, фаолияти, илмий изланишлари хусусида тадқиқотлар олиб борилмас, бу ҳақида ортиқча оғиз очилмас эди. Сўнгги беш йилда эса Ўзбекистонда Туркистон, жадидлар деган қулоққа таниш, аммо анча узоқ бўлиб кетган сўзлар бот-бот чалинадиган бўлди.
Жадидлар ҳаёти ва фаолияти акс эттирилган саҳна кўриниши давлат тадбиридан ўрин олиши эса Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Ўзбекистон ўзининг яқин ва узоқ тарихини тан ола бошлагани, унга очиқ кўз билан қараётганидан далолатдек.
QALAMPIR.UZ’гача етиб келган маълумотларга кўра, тантанали маросимдаги ушбу чиқиш ташаббускорларидан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси – Спичрайтер Хайриддин Султонов бўлган.
Саҳна кўриниши аввалида шоир Жуманиёз Жабборов томонидан ёзилган жадидлар ҳақидаги ушбу сатрлар ўқиб эшиттирилди.
Вале, бу дунёда олий ҳакам бор,
Ўшал қудрат эрур мангу устувор.Шаҳидлар бонг уриб ҳар шом-у наҳор,
Бизни огоҳ этар, бўлинг, деб, ҳушёр.Улар халқимизга қалқон эдилар,
Абадий барҳаёт виждон эдилар!
Шунингдек, саҳна кўринишида, жадидлар Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Мунаввар қори Абдурашидхонов образлари гавдалантирилиб, Туркистон мухторияти ёдга олинди. Майдонда “Гўзал Туркистон, сенга не бўлди?” машри янгради.
Гўзал Туркистон, сенга не бўлди?
Сахар вақтида гулларинг сўлди.Чаманлар барбод, қушлар ҳам фарёд,
Ҳаммаси маҳзун. Бўлмасми дил шод?Билмам не учун қушлар учмас боғчаларингда?
Бирлигимизнинг тебранмас тоғи,
Умидимизнинг сўнмас чироғи.Бирлаш, эй халқим, келгандир чоғи,
Безансин энди Туркистон боғи.Қўзғал, халқим, етар шунча жабру жафолар!
Ол байроғингни, қалбинг уйғонсин,
Қуллик, асорат – барчаси ёнсин.Қур янги давлат, ёвлар ўртансин.
Ўсиб Туркистон, қаддин кўтарсин,Яйраб, яшнаб ўз Ватанинг гул Боғларингда!
Маълумот учун, Туркистон минтақасидаги дастлабки демократик ҳукумат – Туркистон мухториятига бутун Туркистон мусулмонларининг 1917 йил 26-28 ноябрь кунлари Қўқонда бўлиб ўтган фавқулодда 4-қурултойида асос солинган. Қурултой Туркистон ўлкасини Россия Федератив Республикаси таркибида ҳудудий жиҳатдан мухтор деб эълон қилди. Шунингдек, Таъсис Мажлиси чақирилгунга қадар ҳокимиятни Туркистон Муваққат кенгаши ва Туркистон Миллий [Миллат] Мажлиси қўлида бўлиши керак деб ҳисоблади.
Курултойда Туркистон Муваққат Кенгаши аъзоларидан Туркистон мухторияти ҳукумати (8 кишидан иборат) тузилди. Европалик аҳоли вакиллари орасидан номзодлар кўрсатилиши учун уларга ҳам яна 4 ўрин ажратилди. Ҳукумат таркибига Муҳаммаджон Тинишбоев (Бош вазир ва ички ишлар вазири), Ислом Султон ўғли Шоаҳмедов (Бош вазир ўринбосари), Мустафо Чўқай (ташқи ишлар вазири), Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев (ҳарбий вазир), Ҳидоятбек Юрғули (Агаевер ва сув бойликлари вазири), Обиджон Махмудов (озиқ-овқат вазири), Абдураҳмон Ўразаев (ички ишлар вазирининг ўринбосари), С. А. Герцфельд (молия вазири) киритилди. Кейинчалик ҳукумат таркибида айрим ўзгаришлар юз берди. М. Тинишбоев Апаш Ўрда Мухторияти фаолиятида қатнашиш учун Оренбургга жўнаб кетгач (1917 й. дек.), Мустафо Чўқай Бош вазир лавозимини бажаришга киришди. И. Шоаҳмедов молия вазири (С. Герцфельд ўрнига), Потеляхов озиқовқат вазири (О. Маҳмудов ўрнига), О. Маҳмудов адлия вазири, Носирхон Тўра маориф вазири, Саидносир Миржалилов ҳукумат хазиначиси лавозимларини эгаллашди. Саводсиз большевик комиссарлардан фаркли равишда ҳукумат аъзолари чуқур маълумотли тараққийпарвар зиёлилар бўлиб, улардан 5 нафари ҳуқуқшунос эди.
Туркистон Миллат Мажлиси 54 нафар (36 мусулмон, 18 европалик) аъзодан иборат бўлиши кераклиги белгиланди. Қурултой жараёнида 32 кишидан иборат Миллат Мажлиси сайланди.
Туркистон мухторияти ҳукумати қисқа муддат ичида халқ ўртасида катта эътибор қозонди. Янги ҳукумат фаолияти бутун Туркистон минтақасида яшаётган туб ерли халқлар томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.
Ўлка большевиклари Туркистон мухторияти ҳукуматига катта хавф деб қарадилар.
Туркистон мухторияти ҳукумати атиги 72 кун умр кўрган бўлса ҳам, у эрксевар халқимизни миллий мустақиллик ва истиклол учун курашга даъват этди. Совет тузуми даврида Туркистон мухториятининг моҳияти сохталаштирилиб, у тор маънодаги Қўқон мухторияти билан алмаштирилди.
LiveБарчаси