Давлат хизматчиларига нималар тақиқланиши маълум бўлди
Жамият
−
02 Март 2022
11525Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бугун, 2 мартдаги йиғилишида кўпдан буён муҳокама қилинаётган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди. Энди мазкур қонун Сенатга юборилади.
Қонун билан Ўзбекистон давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият идораларида меҳнат қилаётган 120 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти, уларнинг мақоми ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, давлат фуқаролик хизматига кириш ҳамда ушбу тизимда коррупция ва манфаатлар тўқнашувини олдини олишга оид муносабатлар тартибга солинган.
Қонунга мувофиқ, эндиликда махсус ваколатли орган (Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги — АРГОС) томонидан давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри юритилади ҳамда реестрга киритилган лавозимларга давлат хизматчилари очиқ танлов асосида тайинланади.
Реестрга киритилган давлат фуқаролик лавозимлари гуруҳ ва тоифаларга ажратилиб, давлат хизматчисига унинг лавозим гуруҳи ва тоифасидан келиб чиқиб, малака даражалари (чин) берилади.
Ваколатли давлат органи томонидан давлат хизматчиси фаолиятини баҳолашнинг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари ишлаб чиқилади ҳамда давлат хизматчисининг муносиб рағбатлантирилиши ва хизмат поғонасида кўтарилиши ана шу баҳолаш тизими натижалари асосида таъминланади.
Шунингдек, қонун билан давлат хизматчисига ўзининг даромади ва мол-мулки тўғрисида декларация топшириш (декларация топшириш тартиби ва муддати алоҳида қонун билан белгиланади), ўз хизмат фаолиятига ташқи таъсирлар олдини олиш ҳамда ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда жисмоний ва юридик шахслар фаолиятига ноқонуний таъсир ўтказмаслик мажбуриятлари юкланмоқда.
Бундан ташқари, қабул қилинган қонун лойиҳасида давлат фуқаролик хизматчисига қуйидагилар тақиқланмоқда:
• ўзаро яқин қариндошлик ёки қуда-андачиликда бўлган шахслар бевосита бўйсунув ва назорати остидаги давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш;
• педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланиш;
• тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ёки тадбиркорлик фаолияти ташкил этиб, унинг муассиси бўлиш;
• ўз мавқеидан фойдаланиб ёки ўз хизмат вазифасини бажариш эвазига жисмоний ва юридик шахслардан ҳар қандай турдаги мукофот ёки совға олиш;
• чет эл фуқаролигига эга бўлиш;
• республика ҳудудидан ташқарида банк ҳисобварақлари очиш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эгалик қилиш.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь