Дард устига чипқон: КХДР энди сув тошқинига дучор бўлди (видео)
Олам
−
07 Август 2021
13254Корея Халқ Демократик Республикасида сув тошқини юз берди. Оқибатда мингдан зиёд уй зарар кўрди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берган.
Табиий офат кўприк ва тўғонларга ҳам зарар етказган, Ҳамген-Пукто ва Ҳамген-Намдо вилоятларидаги йўллар ва экин майдонлари зарар кўрган.
Шимолий Корея Гидрометеорология бошқармаси август ойида яна кучли ёмғир ёғиши кутилаётганини маълум қилган. Бундай фонда ҳозиргидан ҳам жиддий иқтисодий зарар истисно қилинмаслиги таъкидланган.
Маълумотларга кўра, ёмғир бир неча кун давом этган. Ҳосилнинг зарарланиши ҳақидаги хавотирлар кучайгани учун оқибатлар маълум қилинган.
Яна бир ташвиш Шимолий Кореяда озиқ-овқат етказиб бериш билан боғлиқ, чунки COVID-19 билан боғлиқ вазият ва халқаро санкциялар туфайли импорт қилинадиган товарларни олиб киришда чекловлар мавжуд.
Аввалроқ, КХДР мамлакат аҳолиси ўртасида янги катта очарчиликнинг олдини олиш учун армия захираларидан озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатишни ташкил қилгани ҳақида хабар бергандик.
Эслатиб ўтамиз, Корея Халқ Демократик Республикаси етакчиси Ким Чен Ин жорий йилнинг июнь ойида мамлакатда озиқ-овқат етишмовчилиги бошланиши мумкинлиги ҳақида эълон қилганди. Ким Чен Ин Шимолий Корея партияси ва халқини янги “қийин юриш”га тайёр бўлишга чақирганди. КХДР тарихидаги ушбу атама ХХ асрнинг 90-йиллари, мамлакат оммавий очарчилик туфайли оғирлашган иқтисодий инқирозни бошдан кечираётган даврни назарда тутади.