Данияда мусулмонларни ҳақорат қилган сиёсатчи қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Олам
−
06 Ноябрь
3665Дания ўнг экстремистик “Қаттиқ келишув” (“Stram Kurs”) партияси етакчиси Расмус Палудан ирқлараро нафрат қўзғатгани учун Швециянинг Мальмё туман суди томонидан тўрт ой қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда SVT хабар берди.
Суд қарорига кўра, даниялик сиёсатчиси ўзи ташкил қилган тадбирларнинг бирида ҳақоратлаган одамга 20 минг швед кронаси (тахминан 1,9 минг АҚШ доллари) миқдорида товон тўлаши керак бўлади.
Суд жараёнида сиёсатчи шахсан иштирок этмаган ва буни видеоконференсия орқали амалга оширган. У ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида яшириниб юрганини маълум қилган. Расмус Палудан ўзини “мусулмонлар эмас, ислом танқидчиси” деб атаган ва “одамларга эмас, ғояларга қарши чиқишни” истаётганини айтган. Аммо Мальмё суди унинг ҳаракатлари исломни танқид қиладиган сиёсий акцияни мусулмонларга нисбатан ҳурматсизликка айлантириб юборганини қайд этган. Суд Расмус Палуданнинг баёнотларини эса мусулмонларни ҳақоратлаш ва обрўсизлантириш учун қилинган, деб баҳолаган. Сиёсатчи Мальмё судининг қарорига рози эмаслигини айтиб, уни бекор қилиш учун апелляция қилиш ниятида эканини билдирган.
Маълумот учун, Расмус Палудан 2022 йилнинг апрель ва сентябрь ойларида Мальмёда Қуръонни ёқиб юбориш орқали танилган ва бу билан у мамлакатда мусулмонлар мавжудлигига қарши норозилик билдирган. Расмус Палуданнинг ушбу ҳаракатлари бутун Швецияда оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлган. Уларда ўнлаб одамлар, жумладан полициячилар жароҳат олган ва норозилик намойиши иштирокчиларининг кўпи ҳибсга олинган. Сиёсатчининг ҳаракатлари мусулмон минтақалари ва давлатлари етакчилари томонидан қораланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Анқара жиноий суди Расмус Палуданни ҳибсга олишга ордер берган эди. Унга кўра, Палуданга нисбатан аҳолининг бир қисми томонидан қабул қилинган диний қадриятларни омма олдида ҳақорат қилиш айблови қўйилган.
Тергов доирасида Бош прокуратура судга Палуданни кўрсатма бериш учун ҳибсга олиш сўрови билан мурожаат қилган. Суд аризани қаноатлантирган.
LiveБарчаси
06 Ноябрь