Дания Трампнинг гапларидан кейин Гренландия мудофаасини кучайтиради

Олам

image

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Вашингтон ҳудудни ўз назоратига олиши кераклигини айтганидан кейин Дания ҳукумати Гренландия мудофааси учун қўшимча маблағ ажратилишини эълон қилди. Бу ҳақда Дания Мудофаа вазири Троэльс Лунд Поулсенга таяниб, Британиянинг BBC телерадиокомпанияси хабар берди.

Вазирнинг сўзларига кўра, Гренландия мудофааси учун ажратиладиган маблағ миқдори “миллиардлаб икки рақамли миқдор”ни ташкил этади. Вазир аниқ миқдорни айтмади, аммо маҳаллий ОАВ ҳисоб-китобларига кўра, бу “тахминан 12-15 миллиард крон” (тахминан 1,7-2 миллиард доллар) бўлади.

“Бу пул эвазига Дания иккита янги кема ва бир хил миқдордаги узоқ масофага учувчи дронларни сотиб олиши мумкин бўлади”, дея қўшимча қилди Поулсен.

Бундан ташқари, Дания орол пойтахти Нуукдаги Арктика қўмондонлиги ходимлари сонини кўпайтириш ниятида. Қироллик, шунингдек, Гренландиянинг учта асосий фуқаролик аэропортларидан бирини F-35 товушдан тез учувчи қирувчи самолётларни бошқариш учун янгилайди.

“Биз кўп йиллар давомида Арктикага етарлича сармоя киритмадик, энди биз ўз иштирокимизни кучайтиришни режалаштирмоқдамиз”, деди Поулсен.

Эслатиб ўтамиз, декабрь бошида Трамп АҚШ Гренландияга “эгалик ва назорат қилиш” мутлақо зарур эканлигини айтганди. Америкалик сиёсатчининг сўзларига жавобан Гренландия Бош вазири Муте Эгеде орол ҳеч қачон сотилмаслигини айтди.

Трампнинг 2019-йилдаги биринчи президентлик муддати давомида Америка ОАВлари у Дания таркибидаги ҳудуд бўлган ва кенг автономия ҳуқуқларига эга бўлган Гренландияни қўлга киритиш имкониятидан манфаатдор эканлигини ёзган. Шундан сўнг қироллик расмийлари оролни сотиш масаласини муҳокама қилишдан бош тортди ва бу ғояни абсурд деб атади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Трамп Дания Гренландия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг