Даҳшатли рақам. Йил бошидан буён 36 киши иc газидан заҳарланиб вафот этди
3-саҳифа
−
09 Февраль 2022
3132
Жорий йилнинг бошидан буён Ўзбекистонда ис гази билан боғлиқ 21 ҳолатда 19 нафар фуқаро заҳарланган ва 36 киши вафот этган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда:
• фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;
• ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;
• иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш;
• газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;
• ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш;
• ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш шулар жумласидан.
Шунингдек, 2021 йил мобайнида республика ҳудудида жами 10 667 та ёнғинлар содир бўлиб, уларда 240 нафар фуқаро тан жароҳати олган ва 112 нафари ҳалок бўлган.
Ушбу ёнғинларнинг 83 таси газ баллонларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларининг бузилиши натижасида юзага келган бўлиб, шулардан 2 таси автомобилларда, 81 таси бино-иншоотларда содир бўлган.
Оқибатда 5 нафар фуқаро вафот этган ва 22 нафар фуқаро тан жароҳати олган. Моддий зарар миқдори 1 млрд 127 млн 60 минг 889 сўмни ташкил этган.
Маълумот учун, 2021 йилда ис гази билан боғлиқ жами 74 та ҳолат аниқланиб, ушбу ҳолатларда 67 нафар фуқаро заҳарланган ва 128 нафар фуқаро вафот этган.
LiveБарчаси