Суд Трампнинг божларини ноқонуний деб топди
Олам
−
29 Май 2717 3 дақиқа
Кеча, 28 май куни куни АҚШ Халқаро савдо суди АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Хитой ва бошқа АҚШ савдо ҳамкорларига нисбатан энг юқори бож тўловларидан баъзиларини жорий этишини тўхтатди. Бу ҳақда “Тhе New York Times” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, суд қарорида федерал қонун Президентга деярли ҳар бир давлатдан олиб кирилаётган импорт товарларига бож солиш бўйича “чексиз ваколат” бермаслиги белгилаб қўйилган.
Нашрга кўра, мазкур қарор Трамп учун дастлабки, аммо муҳим даражадаги ҳуқуқий мағлубият ҳисобланади ва қарор бошқа давлатларга босим ўтказиб, АҚШ фойдасига қулайроқ савдо битимларни тузишга ундашда Президентнинг асосий қуролларидан бирини сусайтиради.
Трамп президентликка киришгунига қадар ҳеч бир давлат раҳбари 1977 йилда қабул қилинган “Халқаро фавқулодда иқтисодий ваколатлар тўғрисида”ги қонунга асосланиб, бошқа мамлакатларга бож жорий қилишга уринмаган. Ушбу қонун асосан савдо тақиқи ва санкциялар билан боғлиқ бўлиб, ҳатто унда бож тўловлари умуман тилга олинмаган.
Аммо Трамп ушбу қонунни янгича тарзда талқин қилиб, жорий йилнинг апрель ойида кўплаб давлатларга нисбатан юқори бож ставкаларини эълон қилганди. Кейинчалик уларни вақтинча тўхтатганди. У, шунингдек, Канада ва Мексикадан импорт қилинадиган маҳсулотларга ҳам шу қонунга таяниб бож қўллаган. Бунга сабаб сифатида эса уларнинг АҚШга синтетик наркотик модда юборилишида айбдор эканини кўрсатганди.
Кеча, 28 май куни бу каби масалаларни кўриб чиқишга масъул бўлган асосий федерал орган – Халқаро савдо суди Трамп жорий қилган бож тўловлари “Фавқулодда ваколатлар тўғрисида”ги қонунда Президентга берилган ваколатлардан ошиб кетганини аниқлаган.
Штатлар ва корхоналар томонидан алоҳида кўтарилган даъволар бўйича қарор чиқарган икки партиявий уч судьядан иборат ҳайъат Трампнинг кўплаб бож тўловларини ноқонуний деб топган.
Бож йиғимлари аниқ қачон ва қандай тўхтатилиши эса ҳозирча номаълум. Суд ижро этувчи ҳокимиятга бу божларни бекор қилиш бўйича бюрократик жараёнларни якунлаш учун 10 кунгача муҳлат берган. Трамп маъмурияти эса зудлик билан бу қарор устидан АҚШ Федерал апелляция судига шикоят киритиш режасини эълон қилган.
Бу қарор Трамп маъмуриятининг глобал савдо битимларига эришиш бўйича олиб бораётган саъй-ҳаракатларини издан чиқариш хавфини туғдиради. Чунки Президент Конгресс розилигисиз жорий этилган чексиз бож тўловлари таҳдидини тахминан 18 та давлат билан олиб борилаётган музокараларда босим воситаси сифатида қўллаётган эди.
Мазкур қарор Трамп маъмурияти томонидан бошқа ҳуқуқий асослар билан жорий этилган бож тўловларига тааллуқли эмас. Пўлат, алюминий, автомобиллар, шунингдек, фармацевтика, яримўтказгичлар ва бошқа муҳим маҳсулотларга нисбатан жорий қилишни таҳдид қилган божларга бу қарор таъсир қилмайди.
Оқ уй вакили Куш Десаи судни кескин танқид қилиб, миллий фавқулодда вазиятга қандай жавоб беришни сайланмаган судьялар ҳал қилмаслигини айтган. У, шунингдек, Трамп бу инқирозни ҳал этиш учун ижро ҳокимиятига тегишли барча воситалардан фойдаланишини қўшимча қилган.
“Адолатсиз савдо алоқалари Америка жамиятларини вайрон қилди, ишчиларимизни четда қолдирди ва мудофаа саноат базамизни заифлаштирди. Суд бу фактларга эътироз билдиргани йўқ”, дея баёнот берган Десаи.
Эслатиб ўтамиз, 2 апрель куни Оқ уй 185 давлатдан импорт қилинадиган маҳсулотларга янги тариф тизимини жорий этганди. Умумий импорт божи ставкаси 10 фоизни ташкил қилади, айрим мамлакатлар учун эса янада юқори бўлади. Бу ягона тариф тизими 5 апрелдан кучга кирди. Японияга нисбатан эса қўшимча 24 фоизлик тариф белгилангани айтилган.
Бироқ АҚШ ҳукумати музокаралар ўтказиш учун 90 кунлик кечиктириш муддатини ҳам белгилаган. Шунга қарамай, Вашингтон аллақачон автомобиллар ва эҳтиёт қисмлар учун 25 фоизлик бож ставкасини амалиётга жорий эта бошлади.
Жалолиддин Раҳмонов