COVID Хитой иқтисодиётини “чарчатяпти” – BBC
Олам
−
15 Июль 2022
5024Хитой иқтисодиёти жорий йилнинг иккинчи чорагида кескин қисқарди. Бунга тадбиркор ва истеъмолчиларга коронавирус туфайли қўйилган чекловлар сабаб бўлди. Бу ҳақда BBC ёзмоқда.
Ялпи ички маҳсулот ҳажми апрель-июнь ойларида ўтган чоракка нисбатан 2,6 фоизга камайган. Қолаверса, мамлакатнинг бир вақтлар гуллаб-яшнаган кўчмас мулк бозори чуқур таназзулга юз тутган. Ушбу даврда Хитойнинг йирик шаҳарлари, шу жумладан Шанхайнинг йирик молиявий ва ишлаб чиқариш маркази чекловлар остида қолган.
"Oхford Economics" глобал таҳлил маркази етакчиси Томми Вунинг сўзларига кўра, иккинчи чоракдаги ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши пандемия бошланганидан бери энг ёмон натижа бўлган. Чекловлар, хусусан, Шанхайда чорак бошида иқтисодий фаолиятга жиддий таъсир кўрсатган.
"Бироқ, июнь ойидаги маълумотлар ижобийроқ бўлди, аксарият чекловлар юмшатилганидан кейин фаоллик кўтарилди. Аммо кўчмас мулк бозоридаги пасайиш давом этмоқда", дея қўшимча қилган Томми Ву.
Шунингдек, Оаnda Corporation’нинг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича катта таҳлилчиси Жефф Халлей бугунги Хитой иқтисодиётида ижобий сигналлар борлигини маълум қилган.
"Тўғри, ЯИМ ҳажми кутилганидан ҳам ёмонроқ бўлди, аммо ишсизлик 3,5 фоизга тушди ва чакана савдо юқори даражада ошди", дейди у.
Бироқ, кўплаб таҳлилчилар Хитой иқтисодиёти тез тиклана олмаслигини билдирган. Чунки ҳукумат коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун “Нол-COVID" ёндашувини давом эттирмоқда.
Маълумот учун, дунёнинг кўплаб мамлакатлари COVID билан яшашга ҳаракат қилмоқда. Лекин Хитой ҳали ҳам вирусга қарши курашни деярли ҳамма нарсадан устун қўядиган ягона йирик иқтисодиёт бўлиб қолмоқда.
Муҳайёхон Ҳабибуллаева
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь