COVID-19 қўрқинчи. Европаликлар кўзда ёш билан одамларни огоҳлантирмоқда (видео)
Олам
−
27 Март 2020
14232Бугун бутун дунё халқлари коронавирус билан кураш олиб бормоқда. Ҳар бир давлат ушбу инфекцияни ўз ҳудудида янада кенг ёйилиб кетмаслиги учун барча чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Коронавирус пандемияси энг кўп Европа мамлакатларига зиён келтираётгани ҳеч кимга сир эмас. Ушбу минтақада жойлашган давлатларда яшовчи фуқаролар нималарга эътибор беришмади-ки, инфекция бу қадар тез суръатда уларнинг ҳаётини издан чиқарди.
“Юксалиш” умуммилий ҳаракати томонидан тақдим этилган видеода коронавирусдан азият чекаётган беморлар ўз аҳволларини қуйидагича изоҳлайди.
“Ҳаётимни сақлаб қолган мана шу респираторга қарашингизни истардим. Ҳукуматдан хафа бўладиган жойи йуқ. Бу бизнинг – ўзимизнинг айбимиз! Кўпчилик Давлат тавсияларига этибор қилмади. Ҳар биримиз тана ҳарорати билан дўконларда харид қилишни давом эттирдик”, дейди италиялик бемор.
Коронавирусга чалинган Буюк Британия фуқароси эса кўзида ёш билан қуйидагиларни гапириб берди.
“Ўртоқлар, мен 39 ёшдаман ва 6,5 ойлик ҳомиладорман. Сизга коронавирус (COVID-19) билан касалланганимни айтмоқчиман. Ўзимни ёмон ҳис қилдим ва мана 2 ҳафтадан бери шифохонада ётибман. Мени шанба куни ётқизишди ва бугун чоршанба. Менда икки томонлама пневмония аниқланди... ва мен болам учун курашмоқдаман.
Ташқарига чиқманг, сиз ўзингизда “етарлича вақт бор”, деб ўйлайсиз... Менинг 3 нафар фарзандим ва турмуш ўртоғим бор. Энди улар ҳам изоляция қилинган. Мен жиддий айтяпман! Ташқарига чиқманг! Уйда қолинг! Кўчага чиқиш тақиқланаётган бўлса, кўчага чиқманг! Бошқаларга кўчада юрганларга эътибор берманг. Сиз бу касалликни уйга олиб келиб, кимнидир ўлдиришингиз мумкин. У оилангиз аъзоси бўлиши мумкин. Фақат ташқариша чиқишни бас қилинг, полиция талабларига қулоқ солинг ва талабларга риоя қилинг!”.
Мана шу мамлакатнинг яна бир фуқароси Тара Жей Ларсон ҳам жуда қаттиқ афсусда.
“Агар кимдир хали ҳам иккиланаётган бўлса – таваккал қилманг. Менга қаранг. Агар сизнинг аҳволингиз оғирлашса, бу ер - охирги жойингиз бўлади”, деди у.
Маълумотларга кўра, британиялик Тара Жей Ларсон ватандошларни коронавирус хавфини иложи борича жиддий қабул қилишга чақирмоқда. У кекса фуқаро эмас. Атиги 39 ёшда. У соғлом турмуш тарзини олиб борар эди. Аммо у жонлантириш бўлимидан чиққанига қарамай, ҳанузгача ўзини “ўпкаси шиша синиқлари билан тиқилиб қолгандек” ҳис қиляпти.
Сўнгги маълумотларга кўра, Италияда коронавирусга 80 589 нафар одам чалинди. 10 361 бемор шифо топган бўлса, 8215 киши вафот этди. Буюк Британияда эса 11 812 одам инфекция юқтирган бўлса, 150 бемор шифо топди. 580 нафар одам эса коронавирус сабаб оламдан ўтди.