71 бола шифохонада. Яна доридан заҳарланишми?
Саломатлик
−
22 Сентябрь 2023
7650Кеча, 21 сентябрь куни Наманган вилоятининг бир неча мактабгача таълим муассасаларида болалар заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилган. Хусусан, 23-сонли мактабгача таълим ташкилотидан 35 нафар, 51-боғчадан 20 нафар, 18-боғчадан 5 нафар, 36-боғчадан 3 нафар, 30-боғчадан 2 нафар, 7, 43, 41, 34 ва 35-сонли боғчалардан 1 нафардан, умумий ҳисобда 71 нафар бола тана ҳароратининг кўтарилиши, айримларида қорин оғриғи, ич сурилиши ва қусиш шикоятлари билан шифохонага олиб борилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 22 сентябрь куни тонгги соат 4 да берган маълумотларига кўра, айни пайтда болаларнинг ҳолати қониқарли, улардан 10 нафарининг аҳволи яхшилангани сабабли уйига рухсат берилган. Аммо ҳали-ҳануз вазиятнинг сабаби очиқланмади.
ССВ 15 сентябрь куни жорий йилнинг 20 сентябрь санасидан бошлаб Президентнинг тегишли қарори билан 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар йод препарати билан бепул таъминланиши ҳақида хабар берган эди. Воқеа эса ушбу ташаббус амалётга тадбиқ этилганидан бир кун ўтиб содир бўлди. Шу сабабдан ижтимоий тармоқларда ушбу захарланиш ҳолатига боғча ва мактабларга тарқатилган йод сабаб бўлгани айтилмоқда.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда заҳарланган болалардан иккитасининг онаси берган интервью ҳам тарқалди. Уларнинг сўзларига кўра, боғчада болаларга "Йодамарин" дори воситаси берилган. Шундан сўнг кечга бориб уларда заҳарланиш аломатлари пайдо бўла бошлаган.
"Катта фарзандимдан нима бўлди, деб сўрасам, қорним оғрияпти, деб йиғлашни бошлади. Бироздан кейин ичи келди. Катта фарзандим "бизга дори берди", деб айтди. Кейин тарбиячисига телефон қилиб, сўрасам, буқоққа қарши "Йодомарин" беришган экан. Ўзим ҳам мактабда ишлайман, мактабда ҳам болаларга бердик”, деган болаларнинг онаси.
Хўш, бу маълумот қанчалик тўғри? Ҳақиқатан ҳам болалар "Йодамарин" сабаб заҳарланганми? Бу саволга QALAMPIR.UZ билан суҳбатда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова жавоб берди.
"Биз бир неча турдаги таҳлилларни олиб боряпмиз. Қон ва сийдик таҳлиллари натижасида биз шуни кўрдикки, болаларда заҳарланиш белгилари деярли йўқ. Биз экспертлар гуруҳи касалликларнинг пайдо бўлиш муддатлари, ҳолатнинг оғирлашгани ёки йўқлиги, клиник белгиларини чуқур таҳлил қилиб, лабаратор таҳлилдаги барча рақамларни ҳисобга олиб, аниқ диагнозни тақдим этамиз", дейди у.
Йод тиббий восита бўлгани сабабли уни кўп истеъмол қилиш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Болаларнинг заҳарланишига сабаб деб кўрсатилаётган "Йодамарин" дорисининг йўриқномасида шундай ёзилади:
Кўп қабул қилинган дори қалқонсимон без фаолиятининг бузилишига, ошқозон-ичак тракти ёки юрак-қон томир тизими томонидан симптомлар пайдо бўлишига, ҳатто, комага олиб келадиган ўткир йод билан заҳарланишга сабаб бўлиши мумкин.
"Умуман ёд препаратларини қабул қилишда тиббиёт тарихида ва фармакологияда асоратлар кузатилмаган. Фақат биринчи қабул қилаётганда ич кетиши ёки кўнгил айниши ҳолатлари бўлиши мумкин", деди вазир ўринбосари.
Элмира Боситхонова дори воситасининг меъёрдаги дозаси ҳақида ҳам гапирди.
"3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларга 500 мкгдан ҳафтада бир марта, кунига 100 мкгдан камроқ, 7 ёшдан 15 ёшгача бўлган болаларга минг мкг, кунига 200 мкгга ҳам етиб бормайдиган миқдорда берилади", деди у.
Маълумотларга кўра, бугун дунё бўйлаб 2 миллиард одам йод танқис ҳудудларда яшайди. Улардан 700 миллионга яқини эндемик буқоқ ва руҳий ўзгаришлар гирдобида қолган. Яна 50 миллион киши айнан йод етишмаслиги боис ақлан заиф. Энг хавотирлиси, мактаб ёшидаги 285 миллион бола йоддан керакли миқдорда фойдалана олмайди. Аммо ҳамма ҳам ёдни тўғри истеьмол қилиш кўникмасига эга, унинг меъёрини аниқлай олади, деб айтолмаймиз. Зеро, боғча тарбиячиларининг ҳаммаси ҳам ҳеч қурса бир неча ойлик тиббиёт курсларида таҳсил олмаган.
Ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббий экспертиза ва Прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган.
Расмийлар томонидан болаларнинг заҳарланишига нима сабаб бўлгани ҳали айтилмаётган бир вақтда ижтимоий тармоқларда Чуст туманидаги барча мактаб ва боғчалардан тарқатилган дори воситалари йиғиб олингани акс этган видео тарқалди.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари ушбу ҳолатни дори воситаларининг таркибини текшириш ва экспертизадан ўрказиш мақсадида амалга оширилган, дея изоҳлади.
"Бу ҳолатга олиб келган сабабларни аниқлаш учун текширувлар амалга оширилиши керак. Бу ҳуқуқ-тартибот органларида ва тиббиётда қилинишм керак бўлган чоралардир. Бунинг қандайдир ғайриодатий жойи йўқ", деди Боситхонова.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, дастлабки таҳлил натижаларига асосланиб, болаларнинг заҳарланишига ҳеч қандай дори воситаси сабаб бўлмаган дейиш мумкин.
"Қон ва пешоб таҳлиллари организмда заҳарланиш ҳолатлари мавжуд эмаслигини тасдиқлаб берди", дейди у.
Ота-оналарга фарзандларига бераётган дори воситаларига эътиборли бўлишни, аввал унинг йўриқномаси билан танишиш ва салбий таъсири ҳақидаги маълумотларни ўрганиб чиқишни тавсия қиламиз. Ўзингиз ва фарзандларингизни эҳтиёт қилинг.
Воқеалар ривожини QALAMPIR.UZ'да кузатиб боринг.
LiveБарчаси