Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтган қишлоқлар аҳолисига Қирғизистон фуқаролиги берилади
Олам
−
03 август 13809 2 дақиқа
Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти таркибида бўлган Чўнғара ва Тош-Тепа қишлоқларини Қирғизистонга расман топшириш бўйича ташкилий-техник ишларни бошланди. Бу ҳақда Боткен вилоятидаги Қирғизистон Президентининг ваколатли вакили аппаратига таяниб, “24.kg” хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур ишлар Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасини демаркация қилиш ва ер участкаларини алмашиш бўйича эришилган келишувлар доирасида амалга оширилмоқда.

Манбага кўра, икки мамлакат қўшма ишчи комиссиясининг навбатдаги йиғилиши жорий йилнинг 24 июль куни Қадамжой туманида бўлиб ўтган. Унда топширилаётган ҳудудлар аҳолисининг фуқаролик мақоми, кўчириш, мулк, хўжалик фаолияти ва бошқа ташкилий масалалар муҳокама қилинган.
Бугун, 3 августдан бошлаб қўшма ишчи гуруҳ тўғридан тўғри Чўнғара ва Тош-Тепа қишлоқларида иш бошлаган. Мутахассислар аҳолини рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳужжатларни кейинги расмийлаштириш тартиби юзасидан тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Қайд этилишича, Қирғизистон томонига мамлакат Президенти Садир Жапаровнинг Боткен вилоятидаги биринчи ўринбосар вакили Бахтбек Тўқсонбоев, Ўзбекистон томонига эса Ички ишлар вазирлиги Миграция ва персонализация департаменти раҳбарининг ўринбосари Беҳзод Сайфуллаев бошчилик қилмоқда.
Нашр маълумотларига кўра, Чўнғара ва Тош-Тепа қишлоқларида асосан этник қирғизлар яшайди. Икки аҳоли пунктининг умумий аҳолиси тахминан 2,5 минг нафарни ташкил этади.

Рўйхатга олиш ишлари якунланганидан сўнг мамлакатнинг амалдаги қонунчилигига мувофиқ аҳолига Қирғизистон фуқаролигини бериш тартиби бошланади. Келишувга мувофиқ, мазкур қишлоқлар эвазига Қирғизистон Ўзбекистонга майдони жиҳатидан тенг бўлган давлат чегараси ҳудудини топширади.
Маълумот учун, икки давлат Ташқи ишлар вазирлари Қирғизистон – Ўзбекистон давлат чегарасининг айрим участкалари бўйича шартномани 2022 йил ноябрь ойида имзолаган. 2023 йил январь ойида эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка давлат ташрифи доирасида икки мамлакат Президентлари ратификация ёрлиқларини алмашган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонга қарашли Чўнғара ва Тош-Тепа қишлоқ аҳоли пунктлари давлат чегарасини демаркация қилиш доирасида Қирғизистон таркибига ўтказилиши хабар қилинганди. Қирғизистон Президенти матбуот котиби Асқат Алагозовнинг сўзларига кўра, илгари Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти таркибида бўлган ушбу қишлоқларда яшовчи тахминан 2 500 нафар аҳоли энди Қирғизистон фуқаролигини олиши келишилган.
Live
Барчаси