“Чўллаштириш сиёсати”: Қарши шаҳар ҳокимлиги 47 туп дарахтни кесиб ташлади
Жамият
−
13 Апрель 2021
6201Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан 47 туп дарахт ноқонуний кесиб ташланган. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси Ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар масалалари бўлими ходимлари томонидан жорий йилнинг 12 апрель куни Қарши шаҳар “Хонтепа” МФЙ Лойиҳачилар кўчасидаги эски озиқ-овқат омбори ҳудудида ҳар хил турдаги кўп йиллик дарахтлар қурилиш объекти қуриш учун таг қисмидан кесиб кетилгани аниқланган.
Ушбу ҳолатга аниқлик киритилганда, кесишлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги “Табиатдан фойдаланиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг 1-иловаси бўлган Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти талабларига зид равишда қилингани маълум бўлган.
Вилоят Экология бошқармаси ижобий хулосаси олинмасдан, Қарши шаҳар ҳокимлиги жорий йилнинг 25 январдаги 05/01-25-сонли дарахтларни кесиш учун берилган рухсатномаси асосида жами 47 туп ҳар хил турдаги ва диаметрдаги, хусусан, 26 туп виргин арчаси, 8 туп шумтол, 2 туп оддий ўрик, 3 туп чинор, 1 туп қароли, 6 туп оқ тут дарахтлари таг қисмидан, 1 туп қайрағоч дарахти эса илдизи билан қўпориб ташланган.
“Энг ачинарлиси, бу дарахтлар Республика ҳудудида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесилишига жорий этилган мораторий амал қилиб турилган бир пайтда кесилган”, дейилади хабарда.
Ноқонуний кесиб кетилган дарахтлар учун ўрнатилган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди. Табиатга, ўсимлик дунёсига етказилган зарар 253 млн 575 минг сўм деб белгиланиб, ҳужжатлар тегишли органларга тақдим қилинмоқда.
LiveБарчаси