Чорвоқда чўккан иккинчи йигитнинг ҳам жасади топилди

Жамият

image

Жорий йилнинг 24 июль куни Чорвоқ сув омборига чўккан йигитлардан яна бири 1996 йилда туғилган Анвар Илҳомовнинг жасади бугун, 2 август куни топилган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан хабар қилинди. 

Қайд этилишича, 23 яшар Анвар Илҳомовнинг жасади ўзи чўккан жойдан 45-50 метр чуқурликдан топилган. Уни қидириш ишлари Ўзбекистон ФВВ ғаввослари ва россиялик ғаввослар томонидан олиб борилган. Бугуннинг ўзида Илҳомовнинг жасади суд-тиббий экспертизасидан ўтказилиб, оила аъзоларига топширилган.

Маълумот учун, оила аъзолари билан биргаликда, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Нанай МФЙ, Нанай кўчаси, 86-уйга (далаҳовлига) дам олиш мақсадида келиб, дала ҳовлининг орқа пастки томонида жойлашган Чорвоқ сув омборига чўмилиш мақсадида тушган уч йигитдан иккиси сувга чўкиб кетган эди.

1995 йилда туғилган Дилшод Рихсибоев ва 1996 йилда туғилган Анвар Илҳомов ва унинг акаси Аҳрор Илҳомов қайиққа ўтириб, Чорвоқ сув омборининг нариги қирғоғи тарафга ўтишган. У ердан қайтаётганларида сувда ҳаракатланаётган катерлар сабаб кучли тўлқин юзага келган. Тўлқин Аҳрор Илҳомов, Дилшод Рихсибоев ва Анвар Илҳомов ўтирган қайиқни ағдариб юборган. Натижада Аҳрор Илҳомов сув устига чиқиб олган ва сузиб қирғоққача келган. Уни сувдан қирғоққа оила аъзолари тортиб олган. 24 яшар Дилшод Рихсибоев ва 23 яшар Анвар Илҳомов қайиқ ағдарилган маҳал сувга ғарқ бўлганча, қайтиб чиқишмаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 июль куни Дилшод Рихсибоевнинг жасади топилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Чорвоқда чўккан жасади топилди

Баҳолаганлар

1068

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг