“Чорсу” олиб қўйилгач, Аҳмет Демир яна Ўзбекистонни тарк этди

Жамият

image

Туркиялик таниқли тадбиркор Аҳмет Демир Ўзбекистонни тарк этди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда. 

Аҳмет Демир Ўзбекистон мустақилликка эришганидаёқ, 1992 йил мамлакатга келиб, инвестиция киритган хорижликлардан саналади. У ўша йили “Demir Holding” компаниясига асос солди ва бу Ўзбекистондаги биринчи турк компанияларидан эди. 

Ўзбекистонда ва Туркия ўртасидаги муносабатларда 2011 йилдан 2016 йилгача кечган турғунлик даврида Аҳмет Демир Ўзбекистондан чиқиб кетган эди. У ўша вақтларда ўзига тегишли мулклар ноҳақ олиб қўйилганини ҳалигача иддао қилади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг сиёсий иродаси туфайли икки мамлакат ўртасидаги муносабат илиқлашди. Туркиялик тадбиркорлар Ўзбекистонга таклиф этилди. Жумладан, Аҳмет Демир ҳам яна Тошкентга келиб иш бошлади. 

Шундан кейин пойтахтнинг қоқ марказида жойлашган “Чорсу” меҳмонхонаси 2018 йилнинг 9 март куни Аҳмет Демир раҳбарлигидаги “Inter Tourism” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонага 2017 – 2019 йиллар мобайнида ҳукумат кафолатисиз 33,0 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш орқали 270 ўринга мўлжалланган 4 юлдузли меҳмонхона мажмуасини қуриш ва 350 та янги иш ўринини яратиш шарти билан сотилган эди.

Бироқ, тадбирокорнинг бундан кўнгли тўлгани йўқ. У қуйидагича интервью берганди:

“Айрим муаммолар бор. Энг катта муаммоимиз эса – қоғозбозлик. Масалан, бир пайтлар айтиб ўтганимдек, бизга қўшимча ер керак. Чунки меҳмонхона камида тўрт юлдузли бўлиб, 350 та хонадан иборат бўлади. Хорижлик ҳамкорларимиз бундай йирик иншоотда намунали хизмат кўрсатиш учун 2 гектарлик майдон камлик қилишини айтишганди. Шундан сўнг биз Тошкент шаҳар ҳокимияти ва бошқа мутасаддиларга қўшимча ер майдони ажратиш бўйича мурожаат этгандик. Натижада яна 3 гектар ер қўшиб берилишини ваъда қилиниб, бу ҳақда давлат раҳбарининг қарори ҳам чиқди. Аммо ўша қарор ҳануз бажарилганича йўқ. Бунинг оқибатида ишимиз сустлашган, энг ёмони, банкдан кредит ололмаяпмиз. Банкка иккита кадастр ҳужжатини кўтариб бориб, кредит сўрасам, “Бизнес-режангизда кўрсатилган мана бу ҳудуднинг ҳужжати қани?” дейишади. “Мутасадди идоралар кейин қилиб берар экан”, дейман. Аммо улар ҳам четдан келмаган, шу юртнинг фуқаролари. Яхши билишадики, “Кейин қилиб берилади”, дегани баъзан “Ҳеч қачон қилиб берилмайди”, деганини англатади”.

2018 йилнинг 9 мартида имзоланган олди-сотди шартномасида белгиланган мажбуриятлар ўз вақтида бажарилмагани сабабли, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг жорий йилнинг 2 июлдаги ҳал қилув қарорига кўра, томонлар ўртасидаги шартнома бекор қилиниб, “Чорсу” меҳмонхонаси Аҳмет Демирдан олиб қўйилди

Бу вақт оралиғида Аҳмет Демир Тошкентнинг энг гавжум нуқтасида “Divan by Demir” ресторанини очди. QALAMPIR.UZ`га маълум бўлишича, ушбу ресторанда таниқли тадбиркор Аҳмет Демир номидан фойдаланилган. Ресторан аслида афғон миллатига мансуб тадбиркорга тегишли.

Айни вақтда Аҳмет Демирнинг Тошкентга қайтиб, яна фаолият олиб бориши билан боғлиқ аниқ маълум йўқ. QALAMPIR.UZ Аҳмет Демир билан боғланишга ҳаракат қилди, аммо қўнғироқлар жавобсиз қолди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Аҳмет Демир

Баҳолаганлар

202

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг