“Чинакам тенгликни таъминлашда ортда қоляпмиз”. Саида Мирзиёева Бишкекдаги форумда қатнашди

Жамият

image

Бугун, 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи –  Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Қирғизистонга ташрифи чоғида Бишкекда ўтказилган “Аёл – дунёни яхшилик сари ўзгартирувчи лидер” форумида иштирок этди. Бу ҳақда АКИpress хабар берди.

Қайд этилишича, Саида Мирзиёева ўз нутқи давомида жамиятда гендер тенглиги, аёлнинг турмушга чиққандан кейинги ҳаёти ва инсон ҳуқуқлари каби муҳим мавзуларни кўтарган.

“Башарият ажойиб чўққиларга эришди, Марс сари интилди, сунъий интеллектда янги уфқларни очди, даволаб бўлмайди деб ҳисобланган касалликларга ҳам даво топди. Аммо биз ҳануз энг муҳими – чинакам тенгликни таъминлашда ортда қолмоқдамиз. Бугун дунёнинг барча нуқталарида аёлларнинг асосий ҳуқуқлари бўйича баҳс ва савдолашувлар давом этмоқда”, дейди Саида Мирзиёева.

У, шунингдек, жамиятдаги бир тенденцияга эътибор қаратган: қиз турмуш қургач, ўз мақсад ва орзуларини унутиб, фақат уй юмушларига берилиб кетиши.

“Мен жуда кўп марта мактабда порлаган, буюк келажак ҳақида орзу қилган қизларнинг улғайгач, жамият ҳаётидан йўқолиб, фақат маиший ташвишлар ичида қолиб кетаётганини кўраман. Афсуски, кўпинча оила қуриш ва турмушга чиқиш аёлнинг мартабаси ва ижтимоий ўсиши якуни сифатида қабул қилинади”, дейди Саида Мирзиёева.

Бундан ташқари, Мирзиёева икки йил аввал Ўзбекистон минтақада биринчи бўлиб оиладаги зўравонликка қарши қонун қабул қилганини эслатиб ўтган. Шунингдек, у Ўзбекистонда аёллар парламентнинг 38 фоизини ташкил этишини қайд этган. Президент ташаббуси билан мамлакатдаги барча қизлар учун магистратура бепул қилинганини, бир йил ичида 15 минг нафар қиз грант асосида ўқишга кирганини ҳам айтиб ўтган.

“Мен доим бошқа аёлларнинг ютуқларидан илҳом олганман. Бугун сизларга қараб улкан ғурур ҳис қиламан. Сиз инсонлар ҳаётини ўзгартираётган ва ўз ҳамюртларингиз тақдирига таъсир кўрсатаётган аёлларсиз. Биз Қурмонжон Датки ва Тўмариснинг меросхўрларимиз. Бу бизнинг умумий фахримиз, кучимиз ва қўшма ғалабаларимиз тарихидир. Ишончим комилки, мамлакатларимиз бу дунё учун жуда кўп фойдали ишларни қилади ва уни келажак авлодлар учун янада яхши жойга айлантиради”, дея нутқини якунлаган Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари.

Маълумот учун, ушбу форум бугун, 20 август куни ҳукумат қароргоҳида бўлиб ўтмоқда. Тадбирда Қирғизистоннинг биринчи хоними Айгул Жапарова ҳамда Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг таниқли аёллари иштирок этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саида Мирзиёева Бишкекка сафари чоғида Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг қабулида бўлгани хабар қилинганди. Учрашувда томонлар икки томонлама ҳамкорлик масалаларини, жумладан, икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ва таълим алоқаларини мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Бишкек Саида Мирзиёева форум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг