Чилига янги Президент сайланди
Олам
−
15 Декабрь 1519 2 дақиқа
Чилида бўлиб ўтган президентлик сайловларида консерватив қарашлари билан танилган, Республикачилар партияси вакили, 59 ёшли Хосе Антонио Каст ғалаба қозонди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг мамлакат сайлов хизмати маълумотларига таяниб хабар беришича, Каст иккинчи турда 58,30 фоиз овоз тўплаган.
Кастнинг асосий рақиби – меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири лавозимида ишлаган, Коммунистик партия аъзоси Жанетт Хара 41,70 фоиз сайловчи қўлловига эга бўлган.
Мағлубиятини тан олган Хара Кастга муваффақият тилаган.
Хосе Антонио Каст 59 ёшда бўлиб, кўп йиллик сиёсий фаолияти давомида доим қатъий ўнг қарашларга содиқ бўлиб келган. Хусусан, у чегараларда деворлар қуриш, жиноятчилик даражаси юқори ҳудудларга қўшин жойлаштириш ва мамлакатда ноқонуний яшаётган барча мигрантларни депортация қилиш тарафдори бўлган. Нашрнинг ёзишича, унинг ҳокимиятга келиши Лотин Америкасида “қайта куч олаётган ўнг ҳаракатнинг навбатдаги ғалабаси” ҳисобланади.
“The Times” нашри Кастни АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳамда Чили диктатори Аугусто Пиночет тарафдори сифатида таърифлаган. Сиёсатчининг ўзи ҳам генерал Пиночет бошқарув услубига бўлган симпатиясини яширмаган, уни “мамлакатни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққан” дея баҳолаган. Шу билан бирга, у Пиночет даврида Чилида инсон ҳуқуқлари бузилганини ҳам инкор этмаган.
Live
Барчаси