Чиқиндиларга қарши рейд: Чорвоқдаги 2 та полигон ёпилди (видео)

Жамият

image

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ туристик зонасида қурилиш чиқиндиларига қарши рейд давомида 2 та ноқонуний чиқиндихона ёпилиб, у ердан 400 тоннадан ортиқ чиқинди олиб чиқилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, Чорвоқ эркин туристик зонаси ҳудудида қурилишлар 2020 йилга нисбатан 10 баробарга ошгани туфайли лойиҳа эгаларининг қурилиш чиқиндиларини экологик меъёрларга риоя қилмасдан турли жойларга ноқонуний равишда ташлаб кетиш ҳолатлари ошган. Бугунги кунда 2025 йил ноябрда ташкил этилган Махсус комиссия томонидан қурилиш чиқиндиларининг олдини олиш мақсадида бутун республика бўйлаб доимий рейд тадбирлари ўтказилмоқда.

Хусусан, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Экологик полиция, Тур-полиция ҳамда маҳаллий ҳокимликлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, 10 апрелдан жойларга чиққан ҳолда текширув ишлари бошланган. Илк текширув ишлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ туристик зонаси ҳудудида ўтказилган. Дастлабки натижаларга кўра, 2020-2021 йилларда тумандаги икки чиқинди полигони рекультивация қилиниб ёпилгани ҳамда бугунги кунда у ерда чиқиндилар Паркент туманидаги полигонга ташланиши маълум бўлган. Шунингдек, жорий йилнинг 11-13 апрель кунлари чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш билан боғлиқ жами 102 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, маъмурий баённомалар расмийлаштирилди ва тегишли чоралар кўрилмоқда.

Бундан ташқари, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш бўйича 19 ҳолатда ҳам маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли қонуний чоралар белгиланган. 23 та махсус техника ёрдамида иккита ноқонуний чиқиндихона бартараф этилган. Жами 401 тонна ҳар хил турдаги чиқиндилар махсус чиқинди полигонларига жойлаштириш учун олиб чиқиб кетилган.

Билдирилишича, чиқиндиларни ноқонуний ва тартибсиз ташлашнинг олдини олиш мақсадида ҳудудда 10 та локация бўйича онлайн видеокузатув мосламалари ўрнатилган. Бундан ташқари, қўшимча 40 та локация бўйича онлайн видеокузатув мосламалари ўрнатилади.

Шу билан бирга, ҳудудларда экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида республика бўйлаб долзарб 10 кунлик эълон қилинган. Ишчи гуруҳ томонидан қурилиш чиқиндиларини белгиланмаган жойларга ташлаш билан боғлиқ 11 ҳуқуқбузарлик аниқланган ва тегишли маъмурий чоралар кўрилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилояти Халқ депутатлари кенгаши маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш хизматлари учун янги тарифларни тасдиқлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

рейд Чорвоқ Чиқинди

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг