Чиқинди полигонлари атрофида “яшил белбоғ” яратилади

Жамият

image

Ўзбекистондаги чиқинди полигонлари атрофида ва йирик саноат корхоналари ҳудудида “яшил белбоғ” яратилади. Бу ҳақда кеча, 11 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган туризм ва маданият масканлари имкониятларини тўлиқ ишга солиш ҳамда "Яшил макон" кузги мавсумини самарали ташкил этиш юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Қайд этилишича, йиғилишда ўрмон хўжаликларида 5 миллион дона дарахт экиш, чиқинди полигонлари атрофида ва йирик саноат корхоналари ҳудудида “яшил белбоғ” яратиш, дала четларида 20 миллион туп терак, тут ва узум экиш, боғча, мактаб, олийгоҳ ва шифохоналар ҳудудида 3,5 миллион дона кўчат экиш, Оролнинг қуриган тубида 100 минг гектарда “яшил қоплама”ларни барпо этиш режалари қўллаб-қувватланган. 

Шунингдек, унда дарахтлар ва яшил ҳудудларни парвариш қилишни яхшилаш мақсадида ободонлаштириш бўлинмалари фаолиятини такомиллаштириш масаласи кўриб чиқилган. Бу борада шаҳар ва туманлардаги ободонлаштириш хизматини хусусий секторга бериш, ҳар бир кўчани дарахтлари билан алоҳида-алоҳида лот қилиб, бир йиллик маблағи билан очиқ танловга қўйиш таклифи ҳам кўтарилган. 

Мазкур тартибни дастлаб тажрибадан ўтказиб кўриш, натижасига қараб барча туман ва шаҳарларни ушбу тизимга ўтказиш кераклиги қайд этилган. 

Йиғилиш давомида ҳудудлар, вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахбороти тингланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йилнинг 25 октябрдан 1 декабргача 85 миллион туп кўчат экишга топшириқ берган эди. Унга кўра, бу йилги “кузги дарахт экиш мавсуми”да барча даражадаги раҳбарлар, вазирлар, ҳокимлар, маҳалла фаоллари, жамоат арбоблари, нуронийлар, санъаткор ва спортчилар, машҳур блогерлар ўрнак кўрсатиши талаб этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент Шавкат Мирзиёев йиғилиш ўрмон хўжалиги яшил белбоғ яшил қоплама

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг