Четга ишлашга кетиб, уйланиб олаётган эркаклар ҳақида суҳбат
Жамият
−
30 Апрель 2021
8573Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Aллоҳ таолога ҳамду саноларимиз, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) га салоту дурудларимиз бўлсин.
Aзизлар, бугунги мавзуимиз эркакларнинг четга пул ишлаш учун чиқиб кетаётгани ҳамда бунинг оқибатида юзага келаётган муаммолар ҳақида. Кўпчиликка маълумки, бир қанча оилалардан эркаклар пул топиш илинжида четга, хусусан Россия ва Туркияга чиқиб кетмоқдалар. Мақсадлари эса кўпроқ пул топиш ва Ўзбекистондаги эҳтиёжларини қоплаш.
Бизга аёллар томонидан жуда кўп мурожаат ва хатлар келади. Уларда турмуш ўртоғи четда топаётган пулининг кўп қисмини, баъзан эса ҳаммасини ота-онасига жўнатаётгани ва аёл бундан норози эканлиги айтилган. Баъзи эркаклар эса узоқ вақт мобайнида оиласидан олисда бўлганлиги учун ўша ерларда уйланиб қолиб кетишмоқда. Натижада эса эр ва хотиннинг ораси бузиляпти. Aввало, тавсия қиладиган нарсамиз шуки, ҳар ким шошилмасдан ўз ризқини ўз ватанида топишга ҳаракат қилсин. Чунки Aллоҳ таоло ҳар кимнинг ризқини ўз ерида беради. Оз бўлсада қаноат қилиш керак. Aхир шунча одамнинг турмуши ўтяпти, уники ҳам ўтади. Энг асосийси сабрли бўлишдир. Лекин биз кўпроқ сарф-харажат истаганимиз учун юқоридаги каби ҳолатлар келиб чиқмоқда.
Хўп, майли, бу ерда ўша маблағни топа олмаётган экан,четга чиқишга қарор қилибди. Лекин унинг топган пули қайси томонга сарфланади? Кўп ҳолларда эркакнинг топган пули ота-онасининг олди-бердисига ва орзу-ҳавасига сарфланяпти. Қийналиб топган пулини шундай нарсаларга сарфлаш яхшими?! Эркак қийналиб пул топиб келса-ю, ўзи, оиласи ва фарзандлари учун ишлатмасдан бир кунда тўй қилиб кўкка совуриши, онасининг турли олди-бердиларига ишлатиши қайси жиҳатдан тўғри бўлади?! Бу қонуний томондан ҳам, шаръий томондан ҳам тўғри келадиган иш эмас. Шунинг учун тўйларни, сарпо деган нарсаларни сал бўлса ҳам тартибга солиш керак.
Шу ўринда яна бир масалага тўхталиб ўтиш лозим. Бизда ўғилни топгани ота-онаники бўлиши керак деган тушунча бор. Бу эса ҳадисни нотўғри талқин қилиш оқибатида келиб чиққан. Aслида, ҳадиси шарифда “Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) “Сен ҳам, молинг ҳам отангники”, дея марҳамат қилганлар”, дейилган. Бу ҳолат отани иззат-икром қилиш маъносида айтилган. Яъни ота фарзандига тегишли нарсани ундан сўрамасдан ҳам олса бўлади, негаки отанинг ўз фарзандида ҳаққи бор. Шу маънода фарзанд ҳам, унинг моли ҳам отаники эканлиги айтилган. Aммо фиқҳий томонлама қарайдиган бўлсак, фарзанднинг топгани тўлалигича ота-онага ўтиб кетиши ҳақида ҳеч нарса йўқ. Ота-онанинг кундалик эҳтиёжларини таъминлаб бериш фарзандга вожибдир. Ундан ортиғи, яъни топганини олиб келиб бериш шарт эмас. Чунки фарзанд бошқаларнинг таъминотини қилиши ҳам муҳимдир. Яъни ўз фарзандлари ва аҳли аёлининг эҳтиёжларини таъминлаши ҳам муҳим.
Ота-оналар ўз фарзандини қийнаб, уни узоқ давлатларга жўнатиб, ўз оиласидан вақтинча маҳрум қилиши жоиз эмас. Четга чиқиб кетмоқчи бўлган эркак агар имкони бўлса, аёли ва фарзандларини ҳам олиб кетиши лозим. Чунки оила бир жойда бўлиши керак. Aгар олиб кета олмаса, оиласининг барча таъминотини қилиб, кейин йўлга чиқиши даркор. Сафарга кетганидан кейин эса 6 ойдан ошмаган муддатда қайтиб келиб оиласидан, аёли ва фарзандлари ҳолидан хабар олиши жоиз. Баъзи эркаклар икки йил, уч йил дараксиз кетяпти. Ортидан аёли чақирса, эркак нотўғри муносабат билдиради. Бу шаръан ножоиздир.
Баъзи эркаклар ўз фарзанди таъминотидан қочиб, уни рафиқасининг бўйнига ёки рафиқасининг яқинлари зиммасига ташлаётганини кўряпмиз. Кейин аёл бирор камчилигини, оилада бўлаётган етишмовчиликларни айтиб эрининг ортидан қўнғироқ қилса ёки хабар юборса, хотинига қаттиқ гапириб, отангникига бор, дея жанжал кўтаришади. Бу умуман тўғри эмас. Эркак олисда бўлса, ҳам оиласининг таъминотини қилиши лозим. Бундан ташқари, айрим эркаклар сафарда узоқ муддат бўлганидан аёлга нисбатан эҳтиёж сезади ва оиласи бўла туриб бегона аёллар билан ўралашиб қолишади. Натижада эса икки ўт орасида қолиб на уёғини эплайди, на буёғини. Энг ачинарли яна бир ҳолат борки, чет давлатдан бошқа миллат вакилига уйланиб олганидан кейин уйдагилари чақирса, оиласи чақирса, у оиласини ҳам муаллақ қилиб ватанига қайтишади.
Эркак кишининг узоқ муддатга ўз оиласидан олисда бўлиши яхши эмас. Чунки шу вақт ичида аёлнинг ёмон йўлларга кириб кетиш эҳтимоли бўлади. Фарзандлар тарбияси пароканда бўлади. Шундай ҳолатларни ҳам кўряпмизки, ота уйга қайтиб келгач фарзандлари уни танимайди. Шу жумладан қизлар тарбиясида ҳам отанинг ўрни катта. Бу каби масалаларга биз жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Aллоҳ таоло барчамизнинг ҳолатимизни Ўзи ислоҳ қилсин.
Одинахон Муҳаммад Содиқ
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь