Чет элдаги ўзбекистонликларнинг президентлик сайловида овоз бериш тартиби маълум қилинди

Жамият

image

Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари тузилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Таъкидланишича, сайлов участкаларидаги сайловчиларнинг рўйхати дипломатик ва бошқа ваколатхона бошлиқлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида шакллантирилади. Тузилган участка сайлов комиссиялари чет давлатларда турган фуқаролар сайловчилар рўйхати билан танишиш усули, жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилиб боради.

“Чет давлатларда турган фуқаролар ўзларини сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловдан 15 кун олдин ёзма шаклда Ўзбекистоннинг дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияларига ёки Ташқи ишлар вазирлиги сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин”, дейди Ўринбоева.

Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз бериш сайлов куни ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 8:00 дан 20:00 гача ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистонда президентлик сайловлари жорий йилнинг 24 октябрь куни ўтказилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

85

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг