Черногорияда пулсиз қолганлар Ўзбекистонга қайтарилди
Жамият
−
19:39 665 1 дақиқа
Черногорияда маблағсиз қолган ўзбекистонликлар ортга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, улар Черногория ҳудудидан Ўзбекистонга қайтишда ёрдам сўраб элчихонанинг консуллик бўлимига мурожаат қилган. Мурожаатчиларнинг маълумот беришича, уларнинг меҳнат муносабатлари Черногориядаги иш берувчи билан бир томонлама тугатилган, оқибатда улар яшаш учун маблағсиз қолган.
Маълум қилинишича, аввалроқ уларга ишга жойлашиш ваъдаси билан ишчи визаси расмийлаштирилган. Шундан сўнг улар Черногорияга етиб борган ва қурилиш соҳасида иш бошлаган.
Кейинчалик, иш берувчи бошқа чет эллик ходимларни улар учун ноқулай шартларга жалб қилган. Шундан кейин ўзбекистонликлар бажарилган ишларнинг қониқарсиз сифати баҳонасида ишдан четлатилган. Шу билан бирга, амалдаги шартнома мажбуриятларига қарамай, уларга охирги ой учун иш ҳақи тўланмаган.
Юқоридаги ҳолатларни инобатга олган ҳолда, элчихонанинг консуллик бўлими томонидан Меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш ва ёрдам жамғармаси маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатиш масаласини ишлаб чиқиш мақсадида Миграция агентлиги билан ишчи алоқалар ўрнатилган.
Белгиланган чора-тадбирлар натижасида уларга авиачипталар харид қилиниб, Ўзбекистонга қайтарилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда қўлга олинган она ва қиз Ўзбекистонга қайтарилган эди.
Live
Барчаси