Черногория ўзбекистонликлар учун визасиз режимни бекор қилди
Жамият
−
14 Октябрь 2025 9315 2 дақиқа
Черногория ҳукумати Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режимни бекор қилди. Бу ҳақда жорий йилнинг 9 октябрь куни мамлакат ҳукуматининг веб-сайтида эълон қилинди.
Қайд этилишича, Черногория Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси, Арманистон Республикаси ва Миср Араб Республикаси фуқаролари учун виза талабини вақтинча бекор қилиш тўғрисидаги аввалги қарорларга ўзгартиришлар киритиш ҳақида қарор қабул қилган.
“2024-2027 йиллар учун ислоҳотлар кун тартиби доирасидаги мажбуриятлар ҳамда Европа Иттифоқига аъзоликнинг 24-боби бўйича ёпилиш мезонларига мувофиқ равишда, Черногория Европа Иттифоқининг виза сиёсатига мослашишда давом этмоқда. Шу муносабат билан, бугун қабул қилинган ўзгартиришлар мазкур давлатлар фуқаролари учун визани вақтинча бекор қилиш ҳақидаги аввалги қарорларнинг амал қилишини тўхтатади. Бу эса Черногориянинг Европа Иттифоқига тўлиқ аъзо бўлиш йўлидаги қатъий содиқлигини яққол кўрсатади”, дейилади хабарда.
Шу билан Черногория ҳукумати “Виза режими тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги низом”ни ҳам қабул қилган. Мазкур ўзгартиришларга кўра, Қувайт фуқаролари ҳам эндиликда Черногорияга визасиз кира оладиган давлатлар рўйхатидан чиқарилган, Науру Республикаси эса ушбу рўйхатга қўшилган.
“Бу қадам Европа Иттифоқининг виза сиёсати ва Европа Парламенти ҳамда Кенгашининг 2018/1806-сонли регламенти билан уйғунлашиш йўлидаги навбатдаги босқични англатади. Мазкур регламентда Европа Иттифоқининг ташқи чегараларини кесиб ўтишда виза талаб этиладиган ва ундан озод этилган учинчи давлатлар рўйхати белгиланган. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Науру фуқаролари Европа Иттифоқи ҳудудида 90 кунгача визасиз бўлишлари мумкин”, дейилади баёнотда.
Ушбу тартиб жорий йил 29 октябрдан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон ва Черногория давлатлари туризм тадбиркорларининг икки томонлама очиқ мулоқоти чоғида Черногория Республикасига боришда Ўзбекистон фуқаролари учун виза талаби бекор қилингани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси