Чемпионлар лигасида гол уриш бўйича янги рекорд ўрнатилди
Спорт
−
23 Октябрь 2025 2401 2 дақиқа
Жорий йилнинг 21-22 октябрь кунлари UEFA Чемпионлар лигасининг 3-туридан ўрин олган 18 та учрашув бўлиб ўтди. Ушбу турда жамоалар жами 71 та гол киритди. Бу Чемпионлар лигаси тарихида бир турда киритилган энг кўп гол ҳисобланади. Бу ҳақда UEFA расмий сайти хабар берди.
Бундан олдинги энг яхши натижа жорий йил сентябрь ойида қайт этилган бўлиб, 1-турда жамоалар 18 та учрашувда 67 та гол киритган эди. Бу ҳафтада бир қатор учрашувларда “Қайрат” – “Пафос”, “Монако” – “Тоттенхэм”, “Аталанта” –“Славия Прага” жамоалари голсиз дурангга рози бўлмаганида, бу турдаги натижа янада яхшироқ бўларди. Турда немис жамоалари иштирокидаги учрашувда 25 та гол урилиши эътиборга молик. ПСЖ эса бу турда 7 та гол билан ҳафтанинг энг самарали жамоасига айланди. Шунингдек, ПСВ ва “Барселона” жамоалари ўз учрашувларида 6 та гол уришга эришди.
Янги формат туфайли иштирокчи жамоалар сони 36 тага етгани сабаб кўпроқ учрашувлар ўтказилмоқда. Бу эса голлар сонининг ошишига ҳам таъсир қилмоқда. Баҳсли бўлишига қарамай, янги тизим футбол мухлисларига том маънода голларга бой мусобақа тақдим этмоқда.
Чемпионлар лигаси ўтган мавсумдан бошлаб янги – лига тизими форматида ўтказила бошлаган эди. UEFA бу ўзгариш томошабинлар учун янада кўпроқ ҳаяжон ва голлар олиб келишини ваъда қилган, 3-тур учрашувлари эса бунинг яққол исботи бўлди. Ушбу турда ҳар бир ўйинда ўртача 3,9 тадан гол урилди.
Маълумот учун, Чемпионлар лигасида якунига етган 3-тур учрашувларидан сўнг ПСЖ жамоаси умумий жадвалда 1-ўринни эгаллаб турибди. Германиянинг “Бавария” жамоаси 2-ўринни эгаллаб турган бўлса, Италиянинг “Интер” жамоаси 3-поғонани банд этган. Навбатдаги тур учрашувлари жорий йилнинг 4 ноябрь куни бошланади.
Live
Барчаси