Чехия “марихуана”ни қонунийлаштирди
Олам
−
19 Июль 5351 2 дақиқа
Чехия Президенти Пётр Павел “марихуана”ни қисман декриминаллаштириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Бу ҳақда MSN хабар берди.
Янги қоидаларга кўра, энди фуқароларга уй шароитида учтагача наша ўсимлиги етиштириш ва 100 граммдан ортиқ бўлмаган моддани сақлашга рухсат берилди. Уйдан ташқарида 25 граммгача бўлиши жоиздир.
100 дан 200 граммгача “марихуана” сақлаш ёки тўртдан бештагача ўсимлик етиштириш учун маъмурий жазо қўлланилади. Каттароқ миқдорлар ҳали ҳам жиноий ҳуқуқбузарлик сифатида таснифланади.
Қонунни блокировка қилишга уриниш Чехия Республикаси Олий давлат прокурори Ленка Брадачова томонидан амалга оширилди. У янги меъёрдан гиёҳванд моддалар сотувчилар манфаати учун фойдаланиш мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Бироқ ташаббус муаллифи бўлган Чехия Адлия вазирлиги қонун қоидалари нотўғри талқин қилинганига ишора қилиб, унинг хавотирларини рад этди.
Германияда ҳам худди шундай чора 2024 йил 1 апрелдан кучга кирган. Наша гиёҳванд моддалар тўғрисидаги қонун билан тартибга солинадиган тақиқланган моддалар рўйхатидан чиқарилди. Вояга етган фуқароларга 25 граммгача “марихуана” олиб юриш ва 50 граммгача уйда сақлаш ҳуқуқи берилди. Шахсий фойдаланиш учун уч тупгача етиштиришга ҳам рухсат берилди. Бироқ, жамоат жойларида фойдаланишга фақат мактаблар, болалар боғчалари ва спорт майдончаларидан узоқда рухсат этилади. “Reuters” нашани қонунийлаштириш Германия бюджетига ҳар йили тахминан 4,7 миллиард доллар олиб келиши ва 27 мингтагача янги иш ўрни яратиши мумкинлигини ёзган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда вилоят Ички ишлар бошқармаси тезкор ходимлари томонидан 5 килограмм “марихуана” гиёҳвандлик воситасини 10 минг АҚШ долларига сотаётган шахс қўлга олинганди.
Live
Барчаси