Чехия 18 нафар рус дипломатини жосусликда айблаб мамлакатдан чиқариб юборади. Петров ва Боширов қидирувда

Олам

image

Икки кун ичида Прагадаги элчихонанинг 18 нафар россиялик дипломати мамлакатни тарк этиши керак. Улар махсус хизматларда ишлаганликда айбланмоқда. Бу ҳақда Чехия Ташқи ишлар вазири Ян Гамачек маълум қилди.

“Чехия Ташқи ишлар вазири сифатида мен Россиянинг Прагадаги элчихонаси ходимларини чиқариб юборишга қарор қилдим. Бизнинг махсус хизматларимиз томонидан улар СВР ва ГРУ рус махсус хизматларининг зобитлари экани фош этилди. Россия элчихонасининг 18 ходими 48 соат ичида Чехияни тарк этиши керак”, дейди мамлакат ТИВ раҳбари.

Эътиборлиси, Гамачек 19 апрель куни Россияга “Спутник V” коронавирусига қарши вакцинасини олиш бўйича музокаралар учун ташриф буюриши керак эди, аммо у ташрифни бекор қилди.

Чехия высылает 18 российских дипломатов

Чехия ҳукумати Россия разведкасини мамлакат жануби-шарқида жойлашган Злин минтақаси Врбетице қишлоғидаги ўқ-дорилар омборларида содир бўлган портлашларга алоқадор, деб ҳисобламоқда. Портлашлар 2014 йил 16 октябрь ва 3 декабрь кунлари содир бўлган. Биринчи портлаш икки кишининг ҳаётига зомин бўлган.

Чехия полицияси 2014 йил октябрь ойининг биринчи ярмида Прага ва Злин вилоятига ташриф буюрган икки кишини қидирувга берди. Улар Александр Петров ва Руслан Боширов номидаги рус паспортларидан, шунингдек Николай Попа номидаги Молдова паспорти ҳамда Руслан Табаров номидан Тожикистон паспортидан фойдаланган.

Маълумот учун, 2018 йилда Буюк Британия Петров ва Бошировни Россиянинг собиқ разведкаси ходими Сергей Скрипални Солсберида “Новичок” билан заҳарланганликда айблаганди.

2018 йил кузида Bellingcat лойиҳаси ва The Insider нашри қўшма суриштирув натижаларини эълон қилган, унга кўра Бошировнинг ҳақиқий исми-шарифи Анатолий Чепига экани, Петров эса Александр Мишкинлиги маълум қилинганди. Тадқиқотчилар улар ГРУ зобитлари эканини тасдиқлаган. Махфий манбаларнинг Россия маълумотлар базаларига асосланган маълумотлари орқали Bellingcat маълумоти тасдиқланган. Москва Солсберидаги ҳужумга алоқадорлигини тан олмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

101

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг