Чегара ва анклавдаги маҳаллаларга эътибор сустлиги танқид қилинди
Жамият
−
19 Ноябрь 2683 2 дақиқа
Ўзбекистонда чегара ва анклав ҳудудлардаги 563 та маҳаллага туман ҳокимлари етарли эътибор қаратмаяпти. У ерларга олиб борувчи йўллар таъмирланиб, меҳмон уйлари, дам олиш маскани, савдо-сервис объектлари ташкил қилинса, 50 минг хонадоннинг даромади кўпаяди. Бу ҳақда бугун, 19 ноябрь куни Президент раислигида ўтаётган камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида сўз борди.
Қайд этилишича, Сўх дарёсининг Сариканда, Ровон, Истиқлол маҳаллалари ҳудудидан ўтган 5 километр қисмида курорт зона ва кўнгилочар маскан ташкил қилинса, йилига 30 минг сайёҳ келади. Бунинг ҳисобига 200 та оиланинг даромади ошади.
Йиғилишда агар ҳар бир ҳоким 563 та маҳаллада ишни шу тартибда йўлга қўйиб, камида 100 минг одамни банд қилса, 25 минг оилани камбағалликдан чиқариш мумкинлиги айтилди.
Умуман, келгуси йилда бу маҳаллалардаги аҳоли турмушида вазият кескин ўзгариши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Ушбу маҳаллаларда дам олиш ва сервис объектларини қуриш лойиҳалари учун 1 триллион сўм ресурс ажратиш топширилди.
Соҳил ва йўл бўйида сервисни ривожлантириш бўйича 500 та маҳалла танлаб олинган. Вилоят ҳокимларига ер майдонларини белгилаб, аукционга чиқариш, ариқ ва зовурларни ёпиқ тизимга ўтказиб, канал қирғоқлари ва йўл четини текислаб, тадбиркорлик лойиҳалари учун шароит яратиш топширилди.
Туман банклари бу жойларда камида 5 та доимий иш ўрни яратадиган лойиҳаларга 1 миллиард сўмгача кредит беришни йўлга қўяди.
Келаси йилда бу лойиҳалар ҳисобига 50 минг нафар одамни доимий даромадли қилиш муҳим экани қайд этилди.
Йиғилишда аҳолининг даромади ошиши билан овқатланиш, туризм, савдо хизматларига талаб кўпайиб, шу йилнинг ўзида 255 та тун-у кун ишлайдиган кўча ишга тушгани, уларда 11 минг хизмат кўрсатиш объектлари иш бошлагани, 27 мингга яқин аҳолининг бандлиги таъминлангани айтилди.
Ҳокимлар келгуси йилда бунга қўшимча 1 мингта маҳаллани боғлайдиган яна 200 та кўчани ташкил қилиш ташаббуси билан чиққан.
Бир ойда аниқ “йўл харитаси”ни тузиб, ишни бошлаб юборган ҳокимларга ҳар бир кўча учун 4 миллиард сўмгача маблағ ажратилиши белгиланди Бунинг ҳисобидан 25 минг янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Live
Барчаси