Чавушўғли ҲАМАС етакчиси билан “Ал-Ақсо”га босқинни муҳокама қилди
Олам
−
08 Август 2022
5866Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хания билан телефон орқали суҳбатлашди.
Туркия ТИВнинг хабар беришича, Чавушўғли ва Хания Исроил ҳарбийларининг Ғазо секторига ракета ҳужумлари ва мусулмонларнинг муқаддас зиёратгоҳи “Ал-Ақсо” масжидига бостириб киришини муҳокама қилган.
Эслатиб ўтамиз, 5 август куни Исроил мудофаа кучлари Фаластин “Исломий жиҳод” гуруҳининг террористик нишонларига қарши олиб борилаётган “Тонг” операциясига старт берди.
Исроил Бош вазири Яир Лапид ва Мудофаа вазири Бенни Ганц қўшма баёнотда зарбалар Исроил фуқароларига нисбатан ўзига хос таҳдидни бартараф этиш ҳамда “террорчилар ва уларнинг ҳамкорларига” зарар етказишга қаратилганини айтган.
Фаластиннинг Ғазо секторидаги ҳукмрон ҲАМАС ҳаракати кескинлашувда Исроилни айблаган.
7 август куни Исроил ва Ғазодаги “Исломий жиҳод” ҳаракати Миср воситачилигида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди. Исроил ҳужумлари оқибатида ҳозиргача 44 киши, жумладан 15 нафар бола ва 4 нафар аёл ҳалок бўлган ҳамда яна 360 киши жароҳат олган.
Бошқа томондан, 7 август куни 2 мингдан ортиқ ақидапараст яҳудийлар “Ал-Ақсо” масжидига бостириб киришди.
Гўзал Алимова
LiveБарчаси