Чақирилган меҳмон. АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Тошкентга келяпти

Жамият

image

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод кеча, 9 июль куни хориж сафарига йўл олди. У Қатар, Покистон ва Ўзбекистонда бўлиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” номли юқори даражадаги халқаро конференцияда иштирок этади. Бу ҳақда бугун, 10 июль куни АҚШ Давлат департаменти маълум қилди.

“Махсус вакил Ҳалилзод Тошкентда Ўзбекистон Ҳукумати томонидан ташкил этиладиган минтақавий боғлиқлик бўйича халқаро конференцияда иштирок этади”, дейилади хабарда. Халилзоднинг Ўзбекистонга ташрифи билан боғлиқ қўшимча тафсилотлар очиқланмаган. 

Умуман олганда, АҚШнинг махсус вакили ташриф давомида Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида “дипломатия ва тинчлик келишувига эришишга қаратилган қатъий ҳаракатларни давом эттириш” ниятида. 

“АҚШнинг тинчлик жараёнини доимий қўллаб-қувватлаш дастури доирасида у (Залмай Ҳалилзод) минтақавий ва халқаро манфаатдор томонлар билан [Афғонистонда] сиёсий келишув бўйича консенсусни янада илгари суриш устида иш олиб боради”, дейилади Давлат департаменти хабарида.

Қайд этиш керакки, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова кеча, 9 июль куни ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг 15-16 июль кунлари Тошкентга ишчи сафари билан ташриф буюриши ҳамда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” юқори даражадаги халқаро конференциясида иштирок этишини айтганди. 

Маълумот ўрнида, Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 6 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 90 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Расмий Кобул ҳаракат тарафдорларига қарши қарши ҳужумларни режалаштирмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

42

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг