Bye-bye, Байден

Таҳлил

“Bye, bye, Biden”, “The end”, “Байден кетди”. 21 июль куни Тошкент вақти билан соат 23:00 ларда бутун дунё ОАВдан шу сўзлар янгради. Бу АҚШнинг 81 ёшли амалдаги раҳбари Жо Байден узоқ кутилган қарорни қабул қилиб, қайта сайланиш учун номзодини илгари суришдан воз кечгани ҳақида эди.

Байден шу пайтга қадар сайловда қатнашмоқчи экани ва ғалаба қозона олишини ишонч билан айтиб келаётган эди. Сайловолди дебатларда кекса президент сайловчиларни раҳбар сифатида яна мамлакатни бошқара олишига ишонтиришга уринди. Бироқ буни уддасидан чиқа олмади.

27 июнь куни CNN телеканалида Жо Байден ва Дональд Трамп ўртасида ўтказилган илк дебат Байден учун муваффақиятсиз бўлди. Икки номзод ўртасидаги ёш фарқи 3 ярим йил бўлишига қарамай, баҳсда 81 ёшли президент ва унинг 78 ёшли рақиби ўртасидаги тафовут анча катта бўлиб туюлди. Байден сайловчиларнинг энг заиф томони – ёши ҳақидаги хавотирларига барҳам бера олмади.

Байден дебатда Трамп билан ўз келишмовчилигини аниқ ифода эта олмади ва доимгидек гапидан чалғиб кетди. Айниқса, статистика ва қонунчиликдан иқтибос келтиришда чалкашиб қолди. Томошабинларнинг 67 фоизи ушбу дебатда ғолибликни Трампга берди. Ушбу натижадан хабар топган демократлар Байден номзодини қўллаб-қувватлашга ўйланиб қолди.

Июль ойи бошида демократларнинг 75 нафар энг бой донори Байденнинг сайловда қатнашиш масаласини муҳокама қилиш учун Zoom орқали йиғилиш ўтказди. Унда донорларнинг фақат бир нафари Байден сайловда иштирок этиши керак, деб ҳисоблаган. Қолган барча ҳомийлар агар партия ноябрь ойида Трампни мағлуб этмоқчи бўлса, Байден номзоди четлатилиши кераклигини аниқ айтган.

Донорлар ўз позициясида қатъий қолиб, агар Байден четга чиқишдан бош тортса, сўровномалар унинг фаворит эканлигини кўрсатмагунча, Байденнинг қайта сайланишида кўмаклашиш учун пул бермасликларини билдирган.

19 июль куни демократ конгрессменлар ҳам Байденни партия номзоди сифатида четга чиқишга чақирди. Веасей, Гарсия, Покан ва Хаффман ўзларининг қўшма баёнотида Байден ҳақида шундай деди:

“Сизнинг ёшингиз ва жисмоний тайёргарлигингиз билан боғлиқ кенг тарқалган жамоатчилик ташвишлари партиянинг ғалаба қозониш имкониятини хавф остига қўймоқда. Бу тушунчалар адолатли бўлмаслиги мумкин, аммо улар ўтган ойдаги мунозаралардан сўнг қаттиқлашди ва энди ўзгариши даргумон.

“Сиз ҳозир қила оладиган энг масъулиятли ва ватанпарвар ишингиз Оқ уйдан партиямизни бошқаришда давом этиб, номзодимиз сифатида четга чиқиш, деб ҳисоблаймиз. Демократларда вице-президент Камола Ҳаррис бошчилигидаги чуқур ва иқтидорли ёш етакчилар бор, уларни сиз кўтарган, куч берган ва шу дақиқага тайёрлагансиз”, дейди квартет.

Шундай қилиб, партиядошларининг чақириқларини бефарқ қолдирмаган Байден президентлик пойгасидан чиқди ва ўзининг вице-президенти Камола Ҳаррис номзодини илгари сурди.

АҚШ Федерал Сайлов Комиссиясига тақдим этилган ҳужжатларга ҳам расман ўзгартиришлар киритилди. Тарғибот қўмитасининг номи ҳам “Президентлик учун Байден” дан “Президентлик учун Ҳаррис” деб ўзгартирилди. Аммо ҳали расмий равишда Камола Ҳаррис президентликка номзод сифатида тасдиқлангани йўқ.

Хўш, Камола Ҳаррис ўзи ким?

У Қўшма Штатлар вице-президенти лавозимини эгаллаган биринчи аёл. кўпчилик Ҳарриснинг Демократик лагердаги инқироз давридаги хатти-ҳаракатларини юқори баҳолайди. Вице-президент ҳеч қачон, ҳатто шахсий суҳбатларда ҳам Байден ўрнига ўз номзодини илгари суришга уриниб кўрмаган ва бу вақт давомида у доимий равишда Америка маъмуриятининг амалдаги раҳбарини қўллаб-қувватлашини ва унга садоқатини билдирган. Бу унинг янада кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланишига сабаб бўлган.

Эндиликда Ҳаррис номзоди Демократлар партиясининг қурултойида тасдиқланиши керак. Трамп номзоди эса аллақачон республикачилар томонидан тасдиқланган.

Байден ва Трамп дебатидан сўнг республикачи номзоднинг ғалабасига кўпчилик ишонч билдирганди. Энди демократлар ўз вакилини ўзгартиряпти. Бу эса сайловолди пойгаси янада қизғин бўлишини англатади. Сўнгги сўз эса 6 ноябрда айтилади.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Жо Байден Камола Харрис

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг