Буюк Британияда коронавируснинг янги тури тез тарқалмоқда
Олам
−
21 Декабрь 2020
8982Коронавируснинг янги тури сентябрь ойида Буюк Британияда пайдо бўлган бўлиши мумкин, аммо ноябрь ойининг ўрталарида фаол тарқалишни бошлаган. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш хизмати баёнотида айтилган.
“Ушбу турдаги коронавирус сентябрь ойида пайдо бўлган ва ноябрь ойининг ўрталарига қадар уни жуда кам одам юқтирган. Вируснинг янги варианти билан касалланишнинг кўпайиши биринчи бўлиб ноябрь ойи охирида аниқланди, ўшанда Соғлиқни сақлаш хизмати Кент округидаги чекланишларга қарамай касалланиш даражаси пасаймаганини аниқлади. Кейинчалик биз коронавируснинг ушбу варианти Лондон ва Эссексда тез тарқалаётганини аниқладик” дейилади хабарда.
Коронавируснинг янги тури тезроқ тарқалмоқда, аммо ҳозирча бу касалликнинг янада оғир кечишига олиб келиши ёки юқори ўлим билан боғлиқлиги тўғрисида ҳеч қандай далил йўқ, деб таъкидлади олимлар. Бундан ташқари, Pfizer’нинг коронавирусга қарши вакцинаси унга қарши қанчалик самарали экани ҳали маълум эмас. Буюк Британия ундан фойдаланишни декабрь ойи бошида маъқуллаганди.
Буюк Британия Соғлиқни сақлаш вазирлиги 14 декабрь куни янги турдаги коронавирус аниқланганини эълон қилди. Англия бош санитария ходими Крис Уитти ушбу турдаги вирус одатдаги SARS-CoV-2 номли турига қараганда тезроқ тарқалишини айтди. Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсоннинг сўзларига кўра, коронавируснинг янги генетик варианти 70 фоиз кўпроқ юқумли бўлиши мумкин.