Тошкент ҳарбий округи қўшинлари юқори жанговар шайлик ҳолатига келтирилди
Жамият
−
25 Апрель 2019
6891Жорий йилнинг 24 апрель куни тонгда берилган сигнал бўйича Тошкент ҳарбий округи ҳудудида жойлашган ҳарбий қисм ва муассасалар юқори жанговар шайлик ҳолатига келтирилди.
Қуролли Кучлар бош штаби ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳамкорлигидаги ўқув дастурига кўра, 24–25 апрель кунлари Тошкент вилоятининг чегара ҳудудларида навбатдаги ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб ўқувлари бўлиб бўлиб ўтади.
Машғулотларнинг сценарийси бўйича Тошкент вилояти Охангарон тумани чегара постларидан бирида бир гуруҳ шартли ноқонуний қуролланган жангарилар тўдаси давлат чегарасини бузиб ўтишга урингани ҳақида маълумот келиб тушади. Чегара пости навбатчилик бўлинмалари олинган хабарни зудлик билан ҳамкорликдаги куч тузилмаларининг ҳудудий бўлинмалари ҳамда тегишли идораларга етказади. Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлигида олинган шартли сигнал бўйича қўшинлар юқори жанговар шайлик ҳолатига келтирилиб, жанговар техникалардан иборат колонналар белгиланган жойга йўл олади.
Қуролли Кучлар куч тузилмалари ҳамкорлигида ташкил этилган тактик ўқувларга жами 500 нафардан зиёд ҳарбий хизматчилар, 100 дан ортиқ ҳарбий техника, шунингдек, Ҳаво хужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий хаво кучларининг вертолёт авиациясидан 4 та учиш аппарати жалб этилган.
Куннинг иккинчи ярмида Мудофаа вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бўлинмалари билан биргаликда ноқонуний қуролланган шартли жангарилар тўдасини йўқ қилиш операцияси ўтказилди.
Амалий машғулотлар ҳарбий бошқарув органлари ўртасида жипсликни таъминлаш, қўшинлар, штаб ва қўмондонлик таркибида амалий кўникмаларни янада шакллантиришдан иборат.
Ҳамкорликдаги машқларнинг 2-босқичи эртага, 25 апрель куни Чирчиқ дала ўқув майдонида давом этади.