“Бўйнингни узаман”: Президентнинг ўғли вилоятни қандай бошқаряпти?
Олам
−
26 Июль 2019
26910Аввалроқ, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сардорни мамлакатнинг энг йирик вилоятларидан бирига ҳоким этиб тайинлагани ҳақида хабар берган эдик.
“Туркманистон йилномаси” кичик Бердимуҳамедов вилоятга раҳбарлик қилишни бошлаганидан бери маъмуриятда қатор ўзгаришлар бўлгани ҳақида маълумот берди.
Ахал вилояти маъмурий маркази Аннау шаҳри Ашхободдан тахминан 8 км узоқликда жойлашган. Сардор Бердимуҳамедов ишга Президент кортежидан намуна олган ҳолда ойналари “тонировка” қилинган автомобиль ва қўриқчилар ҳамроҳлигида келиб-кетади.
Вилоят маъмурияти бўлимларидан бирининг ходими Бердимуҳамедов ҳокимлик биносига кираётган ва кетаётганда ҳеч ким ўз иш ўрнини тарк этиши мумкин эмаслигини айтган. Ҳоким кабинети олдида олдинги ҳокимларда бўлмагани каби қўриқчилар қўйилган.
Эндиликда фақатгина саноқли кишиларга ҳоким кабинетига киришга рухсат берилган. Барча ходимлар хонасидан чиқмаслиги, чиқса ҳам шовқин қилмаслиги ҳақида огоҳлантирилган. Шунингдек, мобил телефонлардан фойдаланиш ҳам тақиқланган. Ҳоким асосий эътиборини турли маросимларга тайёрланиш ва ўтказишга қаратяпти.
“Сардор Бердимуҳамедовнинг қўл остидагилар билан суҳбатдаги энг севимли гапи “бўйнингни узаман” жумласи”, деган ҳокимлик ходими.
Аннауда яшовчи фуқаролардан бири ҳоким қабулига киришга уринганда, унга бундан буён ҳоким ва унинг ўринбосарлари шахсий масалалар билан шуғулланмаслигини тушунтиришган.
Вилоятдагилар Президентнинг ўғли бу лавозимда узоқ қолмаслигига умид билдиряпти. Улар кичик Бердимуҳамедов кўпи билан олти ойдан кейин бошқа раҳбарлик лавозимига ўтказилишини тахмин қилишяпти.