“Бунинг номи – феодализм”. Қашқадарё ҳокими қонунга зид чеклов киритди
Жамият
−
03 Январь 2022
27324Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимовнинг кўрсатмаси билан вилоят ҳудудидан чигитни олиб чиқишга тақиқ қўйилган. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳри ҳокими, сенатор Гавҳар Алимова маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ўтган йилнинг 28 декабрь куни Каттақўрғондаги “Marokand gold oil extraksiya” МЧЖ раҳбари Сайдин Рўзиев ҳокимиятга келган. Тадбиркор Республика товар ва хомашё биржасидан очиқ савдолар асосида сотиб олинган 100 тонна чигит маҳсулоти Қашқадарёдан Самарқандга кириш чегарасида ЙПХ ходимлари томонидан Қашқадарё вилоят ҳокими биринчи ўринбосари Нодир Худойбердиевичнинг топшириғи асосида ушлаб турилганлигини айтган.
“Шундан сўнг мен Нодир Худойбердиевичнинг телефон рақамини топиб телефон қилдим. Бир неча бор қилган телефон қўнғироқларимга жавоб бермагандан сўнг SMS орқали телефонимни кўтаришини илтимос қилдим. Бир неча марта уринишлардан сўнг, ва ниҳоят, Нодир Худойбердиевич билан телефон орқали боғланиб чигит ортилган юк машиналарини чегарадан ўтказишга ёрдам қилишини илтимос қилдим. Нодир Худойбердиевич “...опажон чигитни вилоят ҳокими рухсат бермаса чегарадан чиқара олмайман” деди. Шундан сўнг вилоят ҳокими Муроджон Бердиалиевичнинг телефон рақамини қийинчилик билан топиб вазиятни тушунтирдим ва чигитни қўйиб юборишини илтимос қилдим. Вилоятнинг янги ҳокими эса “... масалани ўрганиб чиқиб маълум қиламан” деди. Мен умид билан барча тегишли ҳужжатларни ҳокимнинг Telegram’ига ташлаб бердим. Жавоб бўлмагандан сўнг Telegram’ига ва қўл телефонига SMS’лар ёздим, афсуски, ҳеч қандай жавоб олишнинг иложи бўлмади”, дейди Гавҳар Алимова.
Қайд этилишича, орадан 3 кун ўтиб, 2 январь куни тадбиркорга чегарадан юк ортилган машиналарини олиб кетишини сўраб ўзини Фарҳод ва Жаҳонгир деб таништирган ЙПХ ходимлари телефон қилишган.
“Тадбиркор С.Рўзиев бундан хурсанд бўлиб, менга телефон қилди. Бироқ, хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. Тадбиркор менга телефон қилиб, ЙПХ ходимлари вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Худойбердиевич рухсат бермаётганлиги важидан юк машиналарини қўйиб юборолмаслигини маълум қилган.
Шундан сўнг мен яна жаноб Нодир Худойбердиевичга қўнғироқ қилганимда “...хозиргина вилоят ҳокими билан гаплашдим, чигитни қўйиб юборишга ҳеч қандай рухсат йўқ” деб айтди. “Опажон минг афсус мен юк машиналарини қўйиб юборолмайман” деди.
Мен Жаҳонгир исмли ЙПХ ходимига телефон қилиб нега юк машиналарини қўйиб юбормаётганлигини сўраганимда у “опа мен топшириқни бажаряпман рухсат беришса қўйиб юборамиз” деб яхши муомила билан тушунтирди. Унда нега ЙПХ ходимлари телефон қилган? деган савол очиқ қолмоқда.
Мен 100 тонна чигитни олиб ўтиш учун 4 кун сарсон бўлдим. Ачинарлиси мурожаатимга ва ёзган SMS’ларимга вилоят ҳокими “ҳа” ёки “йўқ” деб жавоб бериши шунчалик ҳам қийин бўлдими?! Янги йил байрами тадбиркорга, ҳайдовчиларга ва менга ҳам афсуски татимади.
Ахир битта шаҳар ҳокими 100 тонна чигитни ўтказиш учун 4 кун безовта бўлишини қандай изоҳлаш мумкин? Мен шахсий манфаатим учун жон куйдираётганим йўқку...! Мен бу мурожаатимга умид билан жавоб кутаман”, деган ҳоким Гавҳар Алимова.
У SMS’ни ҳам илова қилган. Ҳоким Қашқадарёнинг ёзилмаган Қонуни борми, деган риторик савол ҳам қўйган.
“Қашқадарёнинг ёзилмаган Қонуни борми? Йўқ, албатта. Унда бу вилоятга мамлакатимизнинг барча вилоятларида амал қилинаётган қонун ва қоидаларга нега амал қилинмаяпти?”, деган саволни ўртага ташлаган.
Иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров ушбу ҳолатга муносабат билдириб, вазиятни Ўрта асрлардаги феодал тузумга қиёслаган.
“Мурод Азимов топшириғига кўра, Қашқадарё ҳудудидан чигит олиб чиқиб кетиш тақиқланган. Гавҳар Алимова Қашқадарёдан Самарқандга чигит олиб кетаётган юк машиналари ўтказилмаётганидан шикоят қилмоқда.
Бир қарашда ҳам кулгили, ҳам ачинарли. Қандай қилиб бир мамлакат ҳудудида товар ва хизматлар эркин ҳаракатлана олмаслиги мумкин? Чигит ҳокимнинг мулки эмас, фермерники ёки кластерники, нега у бошқа шахсга сотган чигитини ҳудудидан чиқара олмайди?
Бу бошбошдоқликни яқиндагина Божхона қўмитасига раис бўлган, вазифаси бўйича бутун Ўзбекистон ҳудуди бўйича эркин товарлар тўсиқсиз ҳаракатланишига масъул бўлган шахс амалга оширяпти. Амалдаги ваколатлар тийилмаган бузуқ тизим, божхона каттаси тугул, авлиёни ҳам бузиб ташлашига яна бир мисол.
Чигитни вилоят ҳудудидан чиқармаслик бўйича ҳокимларнинг топшириқлари биринчи марта эмас. Пишиқчилик пайтида мева-сабзавот маҳсулотлари бир ҳудуддан иккинчисига чиқарилмаслиги бўйича топшириқлар ҳам биринчи марта эмас. Доимий ҳолат. Лекин шу пайтгача бирорта ҳоким жазоланмаган. Бу сафар ҳам, жуда катта эҳтимол, жазоланмайди. Ахир бунинг номи феодализм”, дейди блогер.
Шу ўринда “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасида (Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари) шундай дейилган:
Тадбиркорлик фаолияти субъектлари:
- қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга;
- юридик шахс бўлган бошқа тадбиркорлик субъектларининг муассислари (иштирокчилари) бўлишга;
- мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкка эгалик қилишга, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишга;
- ўз фаолияти йўналишларини, товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларни ва ўз товарларининг (ишларининг, хизматларининг) истеъмолчиларини мустақил равишда танлашга;
- тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад (фойда) олишга, бундан товарлар (ишлар, хизматлар) бозорида устун мавқени эгаллаб турган тадбиркорлик фаолияти субъектлари мустасно;
- ўз товарларини (ишларини, хизматларини), ишлаб чиқариш чиқиндиларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, мустақил равишда белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича ёки шартнома асосида реализация қилишга, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
- барча ишлаб чиқариш харажатларининг ўрни қопланиб, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қолган даромадни (фойдани) эркин тасарруф этишга, суд тартибидаги мажбурий ундирув ҳоллари бундан мустасно;
- кредитлар олишга, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағларини ҳамда ўзга мол-мулкини шартнома шартлари асосида жалб этишга, шу жумладан биноларни, иншоотларни, ускуналарни ва ўзга мол-мулкни олишга ва (ёки) текин, ижарага (лизингга) олишга ҳамда уларни тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга йўналтиришга;
- ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишга ҳақли.
Тадбиркорлик фаолияти субъектлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Айни қонуннинг 34-моддасида давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонунчиликка мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмаслиги белгиланган.
LiveБарчаси