Бухорога ёпирилган бўрон 5 мингга яқин хонадонга зарар етказди
Жамият
−
28 Апрель 2020
12343Хабарингиз бор, кеча, 27 апрель куни соат 20:00 дан 22:30 гача бўлган вақт оралиғида Бухоро вилояти ҳудудида кучли шамол ва ёғингарчилик кузатилди. Бухоро вилояти ҳокимлиги табиий офат келтирган зарар ҳақида батафсил маълумот берди.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан вилоят ҳокими фармойишига мувофиқ етказилган талафотни ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича тегишли соҳа мутахассисларидан иборат тезкор вилоят штаби ташкил қилинди.
Штаб гуруҳи томонидан тақдим қилинган дастлабки маълумотларга кўра, вилоят бўйича жами 5 минг 293 та объектларнинг 378 минг 238 кв метр том қисмида шифер қопламалари, 1 минг 630 кв метр бино ва деворлари, 15 минг 415 дона эшик ва деразаларига шикаст етди. Жумладан:
• 12 та соғлиқни сақлаш объектларида 7 минг 260 кв метр том қисмининг шифер қопламалари, 320 кв.метр бино ва деворлари, 190 дона эшик ва деразаларига;
• 52 та умумтаълим мактабларининг 10 минг 400 кв метр том қисмининг шифер қопламаси, 92 дона эшик ва ромлари;
• 43 та мактабгача таълим объектларининг 2 минг 647 кв метр том қисмининг шифер қопламалари, 38 дона эшик ва дераза ромлари;
• 63 та кўп қаватли уй-жойларнинг 18 минг 378 кв метр том қисмининг шифер қопламалари, 15 дона эшик ва дераза ромлари;
• 4800 та якка тартибдаги аҳоли уй-жойларининг 336 минг кв метр том қисмининг шифер қопламалари, 14 минг 400 дона эшик ва дераза ромлари;
• 220 та нотурар объектлар (савдо дўконлари, маъмурий бинолар в.ҳ.к)нинг 15 минг 400 кв.метр том қисмининг шифер қопламалари ва 660 дона эшик ва дераза ромлари;
• 3 та маданий мерос объектларининг 420 кв метр том қисмининг шифер қопламалари, 1 минг 200 кв метр бино ва деворлари, 20 дона эшик ва дераза ромларига;
• 11 та спорт объектларининг 2 минг 419 кв метр том қисмининг шифер қопламалари 291 та эшик ва деразаларга талофатлар етганлиги аниқланди.
Бундан ташқари, 82 ҳолатда табиий газ таъминотида, 120 ҳолатда электр энергияси таъминотида узилиш ва авария ҳолатлари қайд қилинди. Шунингдек, 450 дона электр темир бетон таянчлари йиқилган бўлса, узилиб ерга тушган симларнинг узунлиги 51 кмни, ишдан чиққан трансформаторлар сони 25 тани ташкил этади.
Кучли шамол ва ёғингарчилик оқибатида вилоят бўйича 42 минг 400 дона йирик дарахтлар синиши ва қулаши қайд қилинди. Бинолар остида ва дарахтлар остида қўйилган юридик ва жисмоний шахсларнинг 415 та автотранспортларига жиддий зиён етди.
Соғлиқни сақлаш бошқармасининг берган маълумотига кўра, 41 нафар фуқарога шундан, 32 нафарига енгил, 7 нафарига ўрта ва 1 нафар фуқарога оғир тан жароҳати етди. Қолаверса, 1 та ҳолатда ўлим қайд этилди. Енгил ва оғир тан жароҳати етган 8 нафар фуқаро тиббиёт муассасасига ётқизилди. 32 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйга жавоб берилди.
Амалий тадбирларга ФВБлардан жами 635 нафар шахсий таркиб, 114 та автотранспорт воситаси, шунингдек, маҳаллий ҳокимиятлар ва Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимига кирувчи ИИБ, ССБ, коммунал ва бошқа тегишли хизматлардан масъул ходимларни жалб этган ҳолда талофат оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу табиий офат оқибатларини кўздан кечириш, зарур чора-тадбирларни белгилаш ҳамда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш мақсадида бугун Бухоро вилоятига жўнаб кетди.
LiveБарчаси