Бухородаги чўлдан тўртта қадимий ғор топилди
Жамият
−
04 Июль 2022
16325Бухоро вилоятининг Когон туманидаги чўл ҳудудидан маҳаллий аҳоли кўмаги билан тўртта қадимий ғор топилди. Бу ҳақда вилоят Маданий мерос бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бошқарма ҳамда Фанлар Академиясининг миллий археология маркази мутахассисларидан иборат ишчи-гуруҳ аҳоли кўрсатмасига асосан, Когон туманининг чўл ҳудудига қадимги ғорлар қолдиқларини ўрганган.
Ғорлар чўл зонасида янтоқ ўсган қум тагидаги, сарғиш рангли оҳактошлар қатлами остидаги пастликка кириб кетган. Уларнинг кириш қисми қумлар ва ўпирилган тошлар билан кўмилиб, ташқи кўринишидан, оддий йўловчилар учун деярли билинмайди. Улар бир биридан юзлаб метр масофаланиб, қандайдир тизим ва боғланиши аниқланмаган.
“Ғорларнинг нима мақсадда қурилганини билиш учун бизни олиб келган маҳаллий юртдошимиз билан ичига кириш учун ғорларнинг энг йириги танлаб олинди. Ғорнинг ички қисми қум ва ўпирилган тошлар билан босилганлиги сабабли эгилиб, букилиб, аста секин, тўлиқ қоронғуликда ёритиш жиҳозлари ёрдамида 80-100 метр масофа ва 10-15 метр пастликка тушилди. Ғорнинг айрим жойлари жуда тор, айрим жойлари кенг, айрим жойларидан бошқа томонга кетган қўшимча йўналишлар очилган”, дейилади хабарда.
Аниқланишича, ғорнинг геологик қатламлари асосан оҳактошдан иборат бўлгани сабабли, ғор ўрта асрлар даврида (XII-XIII) маҳаллий кончилар тарафидан қазилиб ер остки заҳираларидан жуда кенг кўламда фойдаланган ҳамда ганч қурилиш материалининг хомашёси олинган.
Тарихий манбаларга кўра, Бухоро шаҳрининг шимолий-шарқий томонларида қадимий юқори сифатдаги ганч конлари мавжудлиги, ўрта асрларда қурилган ҳозирда сақланиб қолган тарихий биноларнинг қурилишида шу конлардан келтирилган ганч материалидан кенг фойдаланганлиги ёзиб қолдирилган. Конлардан келтирилган дағал ганчлар қўл меҳнати ёрдамида эзилиб, пиширтирилган ва тарихий биноларни қуришда оби ғиштлар орасидаги ангаф қоришмасига қўшилган ҳамда масжидларнинг ички қисмини ганчкорлик санъати ёрдамида безаш ишларида ишлатилган.
“Ғорнинг кенгроқ қисмларида ўрта асрлар (XII-XIII асрлар)га тегишли сопол қолдиқлари, асосан катта ва кичикроқ сув сақланадиган кўзалар бўлаклари, шунингдек, қўйлар ва туялар суяклари топилди. Бу топилмалар ғорлар ичида одамлар яшаганлиги, қанақадир меҳнат фаолияти билан шуғулланганлигидан далолат беради”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Бухоро–Қарши автомобиль трассасининг 193 км масофаси чеккасида яна бир ғор ичида табиий шишасимон геологик хомашё кўринишидаги материаллар мавжудлиги ҳам аниқланган. Ушбу материал шишага ўхшаш бўлиб, ёруғликни яхши ўтказади ҳамда ўрта асрлар даври архитектурасида кенг ишлатилган.
Сўнги ўрта асрлар даврида ушбу ҳудуддаги ғорлардан чўпонлик фаолиятини олиб борган маҳаллий аҳоли дам олиш ва қор-ёмғирлардан сақланиш мақсадида бошпана сифатида фойдаланган. Шунингдек, душманлар бостириб келган пайтларида яшириниш ва ўз жонини сақлаш учун ҳам фойдаланилган деган тахминлар ҳам мавжуд.
Таъкидланишича, ҳозирда, мазкур тарихий ғорларни белгиланган тартибда моддий маданий мерос объектларининг Миллий рўйхатига киритиш ва давлат муҳофазасига олиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.