Бухорода ЙПХ инспекторини обрўсизлантиришга уринган ҳайдовчи қамалди (видео)
3-саҳифа
−
29 Апрель 9643 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимининг қонуний талабига бўйсунмаган қоидабузар ҳайдовчи ўзини ҳақ, инспекторни эса ноҳақликда айблаб, бир нечта видеолар жойлади. Ҳолат юзасидан Бухоро вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси муносабат билдирди.
Бошқармага кўра, аслида автомашина бошқариб келаётган ҳайдовчи тўхтатилган ва инспектор ҳужжатларни кўриш мақсадида унинг олдига бориб, белгиланган тартибда мурожаат қилган. Аммо ҳайдовчи унинг қонуний талабига бўйсунмаган ва ҳужжатларни кўрсатишдан бош тортган.
“Ҳайдовчи ўзини жабрдийда қилиб кўрсатишга ҳам уринган. Шундан сўнг инспектор автомашинани тегишли ҳужжатларсиз бошқариб юрган деган хулосага келади ва тартибга кўра автомашинани жарима майдонига олиб кетади. Жаҳлга минган ҳайдовчи бу вазиятда ҳам инспекторни обрўсизлантиришга уриниб, турли сўзлар билан унинг шаънига тегишга уринади”, дейилади бошқарма хабарида.
Бухоро шаҳар судида кўриб чиқилган мазкур иш якунида ҳайдовчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми ва 1952-моддасида (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фото ва ёки видео тасвирларини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилган ва унга нисбатан 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ телебошловчи Ҳуснора Шодиева Тошкент шаҳрида йўл-патруль инспектори томонидан ҳақоратланганини иддао қилиб чиққан эди. Шундан сўнг, Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳолат юзасидан расмий муносабат эълон қилганди. Унга кўра, телебошловчи баланд овозда мусиқа эшитиб, ўйнаб, йўлни тўсиб қўйган ва ЙПХ ходимининг қонуний талабини бажармаган.
Live
Барчаси