Бухорода йирик миқдорда пул ўғирлаган шахс Навоийда ушланди
3-саҳифа
−
10:44 5367 2 дақиқа
Бухоро вилоятининг Бухоро туманида жойлашган савдо мажмуаларининг бирида ўғрилик жинояти содир этган шахс Навоий шаҳрида ушланди. Бу ҳақда “Янги давр” дастури хабар берди.
Маълум бўлишича, Бухоро туманида номаълум шахс дўкон эшигини бузиб кириб, 37 млн сўм ва 3 минг АҚШ доллари миқдоридаги нақд пулларни яширин равишда талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинган.
Қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни 1998 йилда туғилган, уч нафар фарзанди бор навоийлик фуқаро содир этгани аниқланган.
Суриштирувлар давомида гумонланувчи Навоий шаҳрида қўлга олинган.
Унинг вақтинча яшаш манзили ва бошқарувидаги транспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, жиноят содир этишда фойдаланилган ашёлар, темир жисмлар ва ниқоблар, ўғирланган пуллар эвазига 1650 АҚШ долларига сотиб олинган телефон, 17 млн сўм бошланғич тўлов эвазига расмийлаштирилган Gentra машинаси ҳужжатлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Қайд этилишича, терговга қадар текширув давомида ушбу шахснинг яна бир жиноятга алоқадорлиги фош этилган. Гумонланувчи қўлга олинишидан бир кун олдин Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги савдо дўконларининг бирида 4 млн 200 минг сўм ва 100 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни ўғирлаганлиги маълум бўлган.
Айни пайтда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 4-қисми, “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи қамоққа олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятида қўшнисининг уйига кириб, вояга етмаган болага зўрлик ишлатган ҳолда 7 дона жўжани ўғирлаган шахс 10 йил 2 ой муддатга қамалгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси