Бухорода пулига “куйган” эркак боласининг кўз ўнгида ўзини ёқиб юборди
3-саҳифа
−
03 Февраль 2022
30970Жорий йилнинг 1 февраль куни Бухорода қурилиш корхонасидан пулини ололмаган эркак ўзини ёқиб юборди. Бош прокурор Матбуот котиби Ҳаёт Шамсиддиновга кўра, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Бухоро вилояти прокуратурасининг маълум қилишича, 2022 йил 1 февраль куни вилоят Ички ишлар бошқармасининг навбатчилик қисмига фуқаро Ф.Ҳ. ўзини ёқиб, тан жароҳати олиб, РШТЁИМ Бухоро филиалига мурожаат қилганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
Ҳодиса жойига вилоят прокурорининг ўринбосари, вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи, Бухоро шаҳар прокурори ва ИИО ФМБ бошлиғи ҳамда тергов - тезкор гуруҳи борган. Унда Пешкў туманида яшовчи Ф.Ҳ. 2021 йил март ойида қурувчи Р.Ш.га уй олиш мақсадида 150 млн сўм пул маблағларини бергани аниқланган.
Аммо Р.Ш. уйни расмийлаштириб бермагани сабаб, пул маблағларини қайтаришни сўраб, 2022 йил 1 февраль куни такроран мурожаат қилган. Р.Ш.дан рад жавобини олинганидан сўнг, шу куни соат 14:10 ларда Бухоро шаҳар, “Фурқат” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўзини устидан бензин сепиб, ёқиб, ўз жонига суиқасд қилган.
“Тўпланган ҳужжатларга кўра, Ф.Ҳ. ўзини ёқиб юборган пайтида ёнида ўғли З.А. бўлгани маълум бўлди. Тиббиёт муассасасининг дастлабки маълумотномасига кўра, Ф.Ҳ танасининг 50 фоиз қисми куйгани кўрсатилган”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган.
LiveБарчаси