Бухорода мактаб ўқувчилари муштлашди
3-саҳифа
−
25 Январь 2023
8574Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида мактаб ўқувчилари муштлашгани акс этган видео тарқалди. Вилоят ички ишлар бўлими ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Қайд этилишича, бугун, 25 январ Қоровулбозор туманидаги спорт мажмуасида вояга етмаганлар ўртасида жанжал содир бўлган.
“Мазкур ҳодиса Қоровулбозор тумани ИИБ да белгиланган тартибда қайддан ўтказилган. Ҳозирда масъул ходимлар томонидан ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Дастлабки текширув натижаларига кўра, ушбу ҳолат Қоровулбозор туманидаги 8-сонли умумтаълим мактабининг 8 ва 9-синф ўқувчилари ўртасида содир бўлган”, дейилади хабарда.
Шунингдек, бўлим ҳозирда ҳодиса иштирокчиларининг шахсига аниқлик киритилгани, ташқи томондан болаларнинг бирортасида тан жароҳати аломатлари мавжуд эмаслигини очиқлади.
“Уларнинг тан жароҳати олган-олмаганликларини аниқлаш мақсадида суд тиббий экспертизаси тайинланди ва терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Текширув якуни бўйича ҳолат иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилиб, белгиланган тартибда жавобгарлик масалалари ҳал этилади”, дея қўшимча қилинади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда ҳам мактаб ўқувчилари ва талаба қизлар муштлашган эди.
Озода Чориева
LiveБарчаси