Бухорода кучли портлаш рўй берди. Жароҳатланганлар йўқлиги айтилмоқда
3-саҳифа
−
14 Октябрь 2020
23663Кеча, 13 октябрь Бухорода Пешкў тумани Чиғирчи МФЙ Янгибозор кўчасида портлаш юз берди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг маълумотларига кўра, Matiz русумли автомобилнинг портлаган.
Соат 11:30 да 53 ёшли Х.М. ўзига тегишли оқ рангли Matiz русумли автомашинасида ҳаракатланиб келиб, автомобилини Пешкў тумани Чиғирчи МФЙ Янгибозор кўчасида жойлашган озиқ-овқат дўкони қаршисида қолдирган ва ўзи дори воситалари харид қилиш мақсадида дорихонага кириб кетган. Шу вақтда автомобиль юкхонасига ўрнатилган газ баллонда портлаш юз берган.
Жиддий жароҳат олганлар йўқ.
Портлаш оқибатида Matiz’нинг ёнида турган яна 2 та автомобилга турли даражада техник шикаст етган.
Ҳодиса жойига зудлик билан тергов тезкор гуруҳи етиб келган. Айни вақтда Пешкў тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Текширув жараёнида аниқланишича, автомобилга ўрнатилган газ баллони Корея Республикаси Бусан шаҳрида жойлашган корхона томонидан 2011 йилда ишлаб чиқарилган. 65м3 сиғимли, ишчи босими 200 атмосферага рухсат этилган ушбу газ баллони 2018 йилнинг 8 октябрь куни ўрнатилган. Унинг чидамлилик текширув муддати 2021 йил 7 октябргача этиб белгиланган.
Ҳозирда портлашнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.