Бухорода Италия университети филиали очилади

Жамият

image

Бухоро шаҳрида Италиянинг Луижи Ванвителли номидаги Кампания университетининг филиали ташкил этилади. Кеча, 1 декабрь куни Неапол шаҳрида меҳмон бўлиб турган Бухоро вилояти делегацияси ҳамда Кампания университети раҳбарияти ўртасида филиални ташкил этиш бўйича дастлабки келишув меморандуми имзоланди.

“Дунё” ахборот агентлигининг ёзишича, учрашувда Бухоро шаҳрида Кампания университети филиалини очиш билан боғлиқ ташкилий масалалар муҳокама этилган. Имзоланган келишувга асосан филиалда Кампания университетининг ўқув дастурлари асосида қурилиш, архитектура, кийимлар дизайни, олий ҳамширалик йўналишларида бакалавр ҳамда магистрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Шунингдек, Бухоро вилоятида мавжуд эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда чарм ва тери маҳсулотларини қайта ишлаш, тиббиёт, фармацевтика ва турли тор мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш таклифи ўртага ташланган.

Кампания университетининг Бухородаги филиали “Ванвителли” дея номланади.

Қайд этилишича, филиалда таълим жараёнига Кампания университетининг малакали профессор-ўқитувчилари жалб этилиб, талабаларнинг Италияда амалиёт ўташига имконият яратилади.

Ректор Жанфранко Николетти Бухоро шаҳрида Кампания университети ўз филиалини ташкил этишдан манфаатдорлиги, 2022 йилнинг баҳорида университет делегациясининг Бухоро шаҳрига ташрифи давомида филиални ташкил этиш бўйича шартномани имзолашга тайёр эканини билдирган.

Филиал фаолияти тўлақонли йўлга қўйилгунга қадар Бухоро муҳандислик-технология институти ҳамда Бухоро давлат тиббиёт университети билан юқорида таъкидланган йўналишлар бўйича қўшма таълим дастурлари амалга оширилади. Бу бўйича Кампания университети ҳамда Бухоро олий билим юртлари ўртасида меморандум имзоланган.

Кампания университети ҳамда Бухоро вилояти олий таълим муассасалари ўртасида икки томонлама профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, турли илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳам келишиб олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

162

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг