Бухорода 300 млн долларлик янги аэропорт қурилади
Жамият
−
19:40 902 3 дақиқа
Бухоро шаҳрида қиймати 300 миллион доллар бўлган янги халқаро аэропорт ва уни шаҳар билан боғловчи 23,5 километрлик йўл барпо этилади. Бу ҳақда бугун, 3 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган Бухоро шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган йирик халқаро тадбирларга тайёргарлик масалалари бўйича йиғилишда сўз борди.
Қайд этилишича, давлат раҳбари бўлажак тадбирлар Бухоронинг бой тарихий мероси ва бугунги салоҳиятини намоён этиш билан бирга, вилоятни ривожлантиришга хизмат қилиши кераклигини таъкидлаган. Бунинг учун тайёргарликни тадбирлар ўтадиган жойлар билан чекламай, транспорт, хизмат кўрсатиш, хавфсизлик ва шаҳар инфратузилмасини яхлит ҳолда ривожлантириш зарур.

Йиғилишда олий даражадаги учрашувлар ва йирик халқаро тадбирларни юқори савияда ташкил этиш масалалари кўриб чиқилган. Ҳар бир вазирлик ва идорага хорижий ҳамкорлар билан ўз йўналиши бўйича мазмунли мулоқотга тайёргарлик кўриш, мамлакатдаги ислоҳотларнинг амалий натижаларини кўрсатиш ва янги қўшма ташаббуслар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.

Жамоат хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Бухорода замонавий вазият марказлари фаолиятини йўлга қўйиш, жамоат жойлари ва сайёҳлик объектларидаги ҳолатни рақамли технологиялар ёрдамида кузатиш, йўл ҳаракатини бошқариш ҳамда кибержиноятчиликка қарши курашиш бўйича режалар муҳокама қилинган. Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда профилактика инспекторлари ва “маҳалла еттилиги” ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги қайд этилган.

Президент Бухорога келган меҳмон аввало аэропорт, вокзал ва йўллар ҳолатига эътибор қаратишини таъкидлаган. Шу боис қиймати 300 миллион доллар бўлган янги халқаро аэропорт қурилиши, уни шаҳар билан боғловчи 23,5 километрлик йўлни барпо этиш ва йўл бўйларини кўкаламзорлаштириш ишлари кўриб чиқилган. Темир йўл вокзаллари атрофини ободонлаштириш, автотураргоҳлар, ёритиш, сервис ва жамоат транспорти қатновини яхшилаш бўйича топшириқлар берилган. Шаҳар ва туманларни вокзаллар билан боғлаш учун қўшимча 120 та автобус жалб этиш белгиланган.

Бухоронинг иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахт ва буталар экиш билан бирга, уларнинг парвариши учун суғориш ҳамда дренаж тизимларини ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилган.
Халқаро тадбирлардан инвестиция ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун фойдаланиш зарурлиги таъкидланган. Саноат кооперацияси, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, транспорт-логистика ва экспорт соҳаларида хорижий шериклар билан амалий келишувларга эришиш бўйича таклифлар кўриб чиқилган. Шунингдек, вилоятда қайта тикланувчи энергетика лойиҳалари, электр энергиясини узатиш ва сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш ишлари муҳокама қилинган.

Бухоронинг тарихий-маданий мероси ва сайёҳлик имкониятларини кенгроқ намоён этиш билан бирга, меҳмонларни ҳудуддаги замонавий корхоналар, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ишлар билан бевосита таништириш муҳимлиги қайд этилган. Аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларни ошириш, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларидаги ўзгаришларни ҳам амалда кўрсатиш вазифаси қўйилган.
Давлат раҳбари тайёргарлик жараёнида қуриладиган ҳар бир объект ва жорий этиладиган ҳар бир тизим тадбирлардан кейин ҳам бухороликларга хизмат қилиши лозимлигини таъкидлаган. Мутасаддиларга ҳудудларга чиқиб, ишларнинг боришини шахсан ўрганиш, муаммоларни жойида ҳал этиш ва барча вазифалар ижросини қатъий мувофиқлаштириш бўйича кўрсатмалар берилган.
Live
Барчаси