Бугун Жаҳон чемпионатида тўртта ўйин бўлиб ўтади
Спорт
−
15 Июнь 2256 2 дақиқа
Бугун, 15 июнь куни 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати баҳслари давом этади. Кун доирасида футбол мухлисларини 4 та учрашув кутиб турибди.
Ўйинлар кунини Испания ва Кабо-Верде терма жамоалари ўртасидаги баҳс бошлаб беради. Амалдаги Европа чемпионлари ҳамда Жаҳон чемпионати дебютанти ҳисобланган жамоалар ўртасидаги учрашув Тошкент вақти билан соат 21:00 да старт олади.
Шундан сўнг, 16 июнга ўтар кечаси соат 00:00 да “Г” гуруҳидан ўрин олган Бельгия ва Миср терма жамоалари ўзаро муносабатларга ойдинлик киритади.
Тонгги соат 03:00 да эса, “Ҳ” гуруҳининг навбатдаги учрашуви – Саудия Арабистони ва Уругвай терма жамоалари ўртасидаги баҳс бўлиб ўтади.
Ўйин куни Эрон ҳамда Янги Зеландия терма жамоалари ўртасидаги учрашув билан якунланади. Мазкур баҳс Тошкент вақти билан эрталаб соат 06:00 да бошланади. 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида ўтказилмоқда. Мусобақада 48 та терма жамоа иштирок этмоқда. Жамоалар ҳар бири тўрттадан иборат 12 та гуруҳга бўлинган.
Эслатиб ўтамиз, ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси 18 июнь куни Колумбияга қарши мундиалдаги дебют учрашувини ўтказади. Мексикадаги машҳур “Ацтека” стадионида бўлиб ўтадиган мазкур баҳс Тошкент вақти билан тонгги соат 07:00 да бошланади.
Шундан сўнг, Фабио Каннаваронинг шогирдлари 23 июнь куни Португалияга қарши, 27 июнь куни эса, Конго Демократик Республикасига қарши майдонга тушади.
Live
Барчаси