Бугун “Реал” ва “Бавария” камбэк амалга ошира оладими?
Спорт
−
16 Апрель 6636 3 дақиқа
Бугун, 16 апрель куни Европа Чемпионлар лигаси чорак финали жавоб ўйинлари давом эттирилади. Унда “Реал Мадрид” ўз уйида “Арсенал”ни қабул қилса, “Бавария” “Интер” меҳмони бўлади.
Камбэклар қироли “Реал” бу ишни яна бир бор амалга ошира оладими?

Европа Чемпионлар лигаси қизғин палласига аллақачон кириб бўлган. Чорак финалнинг дастлабки баҳсида “Реал” Лондонда “Арсенал” меҳмони бўлди ва йирик 3:0 ҳисобида мағлуб бўлди. Деклан Райснинг бенефисига айланган баҳс ҳеч кимнинг ёдидан чиққанича йўқ. Аммо шундай жамоа борки, ўйин масаласини 180 градусга ўзгартириб юборади. Бу албатта, Мадриднинг “Реал”и. “Қироллик клуби” ортда қолган мавсумларда, йилларда шунга ўхшаш бир нечта вазиятларда иродани намойиш этиб, камбэк амалга оширган ҳолда мухлисларини хурсанд қила олган. Бўлди, ҳаммаси тугади, дейилган жойида “Реал Мадрид” барчани ҳайрон қолдиради. Хўш, Анчелотти шогирдлари бу сафар ҳам камбэклар қироли номини яна бир бор исботлай оладими? Албатта, ҳар сафаргидек бу сафар ҳам қийин бўлади. Бироқ “Арсенал” ҳам Мадридга мағлуб бўлиш, камбэк қурбони бўлиш учун келмаслиги тайин. Мадридликлар Ла Лигада ҳам чемпионлик курашидан чиққанича йўқ. Охирги ўйинда “Алавес” минимал ҳисобда таслим этилди. Ушбу баҳсда Килиан Мбаппе қизил карточка олиб, 1 та ўйинга дисквалификация қилинди. Аммо бу четлатиш Чемпионлар лигасидаги учрашувга таъсир қилмайди. “Арсенал” эса Премьер-лигада “Эвертон” билан ўйнаб, 2:2 ҳисобини қайд этиб, чемпионлик пойгасидан умидини узди. Артета шогирдлари бор эътиборини Чемпионлар лигасига қаратадиган бўлди. Бу ўйин мухлис ва мутахассисларни асло зериктирмайди. Ушбу баҳс 17 апрелга ўтар кечаси Тошкент вақти билан 00:00 да старт олади. Маълумот ўрнида, ушбу баҳс ғолиби ярим финалда ПСЖга қарши ўйнайди.
“Бавария” ҳам “Интер” тўсиғидан ўтишга ҳаракат қилади

Дастлабки ўйинда кутилмаганда “Интер” меҳмонда 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, ўз уйида бўладиган баҳс учун кайфиятни яхшилаб олди. Иккала жамоа ҳам ўз чемпионатларида етакчиликни сақлаб турибди. Энди бор эътибор Чемпионлар лигасига қаратилган. Илк ўйинда мюнхенликлар сафидаги йўқотишлар ўз сўзини айтган бўлса, “Интер” ҳужумидаги тандем Лаутаро ва Тьюрам ажойиб ўйин кўрсатган эди. Жавоб баҳсигача барчаси ҳал дейишга ҳали бор. Чунки “Бавария” жанг таклиф эта олади. “Интер” ҳам бутун ўйин ҳимояда ўйнамаслиги аниқ. Шундай экан, “Интер” - “Бавария” ўйини мухлисларни зериктирмаслиги тайин. Ушбу ўйин 17 апрелга ўтар кечаси Тошкент вақти билан 00:00 да старт олади. Қайд этиш керак, мазкур баҳсда ғолиб чиққан клуб ярим финалда “Барселона”га қарши майдонга тушади.
Live
Барчаси