Бу жуда ёмон сигнал бўлди – Журналистлар уюшмаси раиси Нажмиддиновага туҳматга муносабат билдирди
Жамият
−
07 Август 2021
15793QALAMPIR.UZ журналистига туҳмат қилингани билан боғлиқ ҳолат Olmazor city'га ҳам бориб ўрганилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаровнинг баёнотида айтилган.
"Ижтимоий тармоқларда QALAMPIR.UZ нашри журналисти Феруза Нажмиддинова ҳақида тарқатилган таҳқиромуз видеолавҳа жамоатчиликни, айниқса, журналистларни жуда жиддий ташвишга солди. Бу, айтиш жоизки, янгиланаётган жамиятимиз учун жуда ёмон “сигнал” бўлди.
Маълумки, сўнгги йилларда Президентимиз томонидан инсон қадр-қиммати, шаъни, хусусан, аёл обрў-эътибори борасида мислсиз ишлар амалга оширилди. Бу қилмиш эса ана шу ислоҳотларга соя солмоқчи бўлди. Қолаверса, қабиҳликка асосланган бундай видеолавҳаларнинг тарқатилиши ҳар бир аёлни, хусусан, ўз касбини бажараётган ҳар бир соҳа вакилини таҳликага солиши, шубҳасиз.
Биринчидан, тарқатилган бўҳтономуз видеолавҳа Интернет тармоғи орқали миллионлаб инсонларга етиб борди.
Иккинчидан, гап аёл, суюкли рафиқа, она ҳақида боряпти. Назаримизда, видеолавҳани тарқатганлар масаланинг ана шу жиҳатини унутган кўринишади. Шу боис бу хатти-ҳаракатни барча журналист касбини эгаллаган аёлларга ҳам таҳдид деб биламиз. Бу қилмиш, албатта, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар томонидан текширилади. Бундай вазиятда биз қалам аҳли - журналистлар, блогерлар адолат тантанаси йўлида бирлашмоғимиз лозим.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси жамият манфаатлари йўлида фаолият олиб бораётган журналистларга, биринчи навбатда, уюшма аъзоларига нисбатан ҳар қандай тазйиқ, таҳдид ва бу каби тубанликларни кескин қоралайди.
Ўзбекистон Журналистлари Касб этикасининг 9-моддасида “журналистлар касбий бирдамлик талабларига риоя қиладилар.... Профессионал фаолияти учун таъқиб остига олинган журналист журналистлар бирдамлиги туйғуси ва принципларидан келиб чиққан ҳолда ҳамкасблари томонидан ҳимоя қилиниши лозим”, дейилган.
Биз барча касбдошларимизни журналистларга нисбатан ҳар қандай таъқиб ва таҳдидлар, тубанликларга қарши бирдам ва ҳамжиҳат бўлиб курашишга чақирамиз. Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан мазкур масалани ўз назоратига олишини сўраймиз.
Шунингдек, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мазкур ҳолат юзасидан суриштирув бошлаганини, эртага Qalampir.uz сайти ва Olmazorcity'га чиқиб, воқеани жойида ўрганишини маълум қилади", дейди Ўсаров ўз баёнотида.
Маълумот учун, бугун ижтимоий тармоқларда Olmazor city ҳудида олинган беҳаё видео тарқатилиб, унинг қаҳрамони гўёки Феруза Нажмиддинова экани ҳақида туҳмат ахборотлар берилди. Ҳолат бўйича Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси терговга қадар ўрганишни бошлади ва буни Ички ишлар вазирлиги ўз назоратига олганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Феруза Нажмиддинова 2019 йилдан буён QALAMPIR.UZ интернет нашрида фаолият юритиб келмоқда. У олий маълумотли, оилали. 2021 йилда “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови ғолиби бўлган. Танқидий-таҳлилий чиқишлари билан эътиборга тушган. У ҳақидаги бўҳтонга тўла видео Феруза Нажмиддинованинг QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган “Tashkent City”даги ресторанларнинг “танка”си борми? Махсус комиссия қарори нега ишламаяпти?” номли репортажидан бир кун ўтиб, 7 август куни тарқатилди.
LiveБарчаси