Бу ёзда ноёб Қуёш тутилиши содир бўлади

Бу қизиқ

image

Жорий йилнинг 12 август куни осмонда ноёб астрономик ҳодиса – тўлиқ қуёш тутилиши содир бўлади. Ушбу ҳодиса давомида Ой Қуёш ва Ер ўртасидан ўтиб, Қуёш нурини тўлиқ тўсади. Натижада айрим ҳудудларда кундузги вақт қисқа муддатга қоронғуликка айланади. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Мутахассисларнинг маълумотига кўра, тўлиқ қуёш тутилиши Гренландия, Исландия, Португалия ва Испаниянинг шимолий қисмида кузатилади. Шу билан бирга, Европа, Африка ва Шимолий Американинг катта ҳудудларида қисман Қуёш тутилиши кўринади. Бу ҳодиса осмонни кузатувчилар учун кам учрайдиган ва катта қизиқиш уйғотадиган табиий феномен ҳисобланади.

Олимларнинг айтишича, тутилиш йўли тахминан 8 300 километр узунликдаги ҳудудни қамраб олади. Гренландияда кузатувчилар икки дақиқадан ортиқ тўлиқ тутилишни кўришлари мумкин. Испаниянинг шимолий қисмида эса бу жараён жуда қисқа, тахминан, 20 сония давом этади. Об-ҳаво шароити ҳам ҳодисани кузатишда муҳим роль ўйнайди, чунки булутли ҳаво тутилишни тўлиқ кўришга халақит бериши мумкин.

Испания учун бу ҳодиса тарихий аҳамиятга эга: мутахассисларнинг фикрича, бу 1905 йилдан бери Испания ҳудудида биринчи марта кузатиладиган тўлиқ Қуёш тутилишидир. Бундан ташқари, мамлакат 2028 йилгача яна бир нечта Қуёш тутилишларини ҳам кузатиши кутилмоқда.

Мутахассислар қуёшга тўғридан тўғри қараш хавфли эканини қатъий эслатади. Фақат махсус сертификатланган кўзойнаклар ёки махсус қуёш фильтрлари билан жиҳозланган телескоп ва камералар орқали кузатиш мумкин. Оддий қуёш кўзойнаклари кўзни ҳимоя қила олмайди ва жиддий зарар етказиши мумкин.

Олимлар ушбу ноёб ҳодисадан илмий тадқиқотлар учун ҳам фойдаланишни режалаштирмоқда. Хусусан, Қуёшнинг ташқи қатлами – тожни ўрганиш, шунингдек, тутилиш вақтида Ер атмосферасида юз берадиган ўзгаришларни таҳлил қилиш муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, юқори баландликдаги махсус шарлар учирилиб, қуёш ва унинг сояси ҳаракати ҳақида қўшимча маълумотлар йиғилади.

Мутахассисларнинг айтишича, Қуёш тутилиши нафақат илмий жиҳатдан муҳим ҳодиса, балки миллионлаб одамларни осмонни биргаликда кузатишга ундайдиган ноёб табиий воқеадир.


Мақола муаллифи

Теглар

Ой қуёш тутилиши астрономик ҳодиса

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг