“Бу уруш эълонидир”. Исроил Президенти Эроннинг мамлакатга ҳужуми ҳақида гапирди

Олам

image

Исроил Президенти Ицхак Герцог Эроннинг 14 апрелга ўтар кечаси Исроил ҳудудига ҳужумини уруш эълон қилиш деб атади. Бу ҳақда у Британиянинг “Sky News” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Тунда бизга Яқин Шарқнинг тўрт томонидан ҳужум қилишди, ўққа тутилиш Эроннинг ишончли вакиллари томонидан амалга оширилди. Бизни баллистик ракеталар билан отишди, дрон ва қанотли ракеталардан фойдаланилди. Бу ҳақиқий урушга ўхшайди. Айтмоқчиманки, бу уруш эълонидир”, дейди Исроил раҳбари.

Унинг иддао қилишича, Исроил минтақада тинчлик излаётганини эълон қилган.

Суҳбат чоғида Исроил Президенти Эрон ҳужумига мамлакатнинг жавоби қандай бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволга тўғридан-тўғри жавоб беришдан қочган.

Унинг сўзларига кўра, Исроил “барча вариантларни кўриб чиқмоқда”.

“Халқимизни ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўришимизга тўлиқ ишонаман. Биз уруш қидирмаяпмиз”, дея такрорлаган Ицхак Герцог.

Эрон ва Исроил зиддиятининг кескинлашуви

1 апрель куни Исроил Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига ҳаво ҳужуми уюштирди. Ҳужум оқибатида Эрон инқилоби қўриқчилари корпусининг 7 нафар аъзоси ҳалок бўлди, улардан икки нафари генерал даражасида эди.

Эрон Исроилнинг консулликка ҳужуми ўз ҳудудига қилинган ҳужум эканини ва у ўч олишини айтди.

Исроил ҳам Эрон ҳужумларига жавоб беришини эълон қилди.

14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга юзлаб камикадзе дронлари, баллистик ва қанотли ракеталар билан ҳужум уюштирди ва баъзи ҳарбий нишонларга зарба берилганини айтди.

Исроил ҳужумларнинг аксарияти ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан тўхтатилганини билдирди, бироқ битта ракета мамлакат жанубидаги ҳарбий базага тегди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ CNN телеканали исроиллик расмийга таяниб, Исроил Эрон ҳужумига жавоб бериш ниятида экани, ҳозирда жавоб кўлами аниқланаётганини хабар қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Исроил Ицхак Герцог

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг