Бу учинчиси. Давлат бюджети ҳаражатлари яна оширилмоқда
Жамият
−
14 Декабрь 2021
8648Ўзбекистоннинг 2021 йилга мўлжалланган Давлат бюджети харажатлари 2,2 трлн сўмга оширилмоқда. Бу ҳақда бугун, 14 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилган “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида келтирилган.
Қонун лойиҳасига кўра, 2021 йилдаги Давлат бюджети харажатлари 2,2 трлн сўмга оширилмоқда, жумладан:
• Фуқаролар ташаббуслари доирасида туман ва шаҳарларга қўшимча — 117 млрд сўм;
• Фермер ва кластерларга 2021 йил ҳосилидан давлатга сотган ғалласи учун субсидия — 800 млрд сўм;
• Мўйноқ туманида 5 нафаргача аъзо бўлган ҳар бир оилага 5 млн сўмдан бир марталик ёрдам учун ва Қорақалпоғистонда ижтимоий-иқтисодий муаммолари бўлган 21 та маҳалла учун — 67 млрд сўм;
• Сурхондарё вилояти аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси учун республика бюджетидан 200 млрд сўм, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан қувурларни арзон пайти сотиб олиш учун 327 млрд сўм — жами 527 млрд сўм;
• Ижтимоий инфратузилмани яхшилаш учун Сирдарё, Жиззах ва Навоий вилоятларининг ҳар бирига 100 млрд сўмдан (300 млрд сўм), Тошкент шаҳрига 200 млрд сўм — жами 500 млрд сўм;
• Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкалари компенсациясига — 50 млрд сўм ажратилади.
Шунингдек, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси харажатлари 2,5 трлн сўмга оширилади. Жумладан, Президент топшириғи билан қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, озиқ-овқат хавфсизлиги учун — 1,1 трлн сўм ажратилади.
Маълумот учун, Давлат бюджети харажатлари бундан аввал ҳам икки марта оширилганди. Бюджет харажатлари 11,7 трлн сўмга ҳамда 13,1 трлн сўмга оширилган.
LiveБарчаси