Британияликлар украиналик қочқинларга қачонгача чидаши маълум бўлди
Олам
−
12 Август 2022
12055Украиналик қочқинларни қабул қилишга рози бўлган Буюк Британия фуқаролари чорак қисми уларни олти ойдан кўпроқ вақт қолдиришни хоҳламаяпти. Бу ҳақда "The Daily Telegraph" нашри хабар берди.
Миллий статистика идораси томонидан "Украина учун уй-жой" лойиҳасида иштирок этган Буюк Британиянинг 17 минг аҳолиси ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, 26 фоиз респондент дастурда олти ойдан кўпроқ вақт давомида қатнашишни истамайди. Уларнинг чорак қисми қарорини нарх-навонинг ошиши билан изоҳлаган.
Нашрнинг эслатишича, дастур иштирокчилари украиналикларни камида олти ой давомида ўз уйларига жойлаштиришга келишган ва бунинг учун Британия ҳукуматидан ойига 350 фунт (тахминан 423 доллар).
Шу билан бирга, сўров шуни кўрсатдики, дастурнинг ўнта иштирокчисидан олтитаси украиналик меҳмонларни узоқроқ муддатга қолдиришга тайёр ва деярли тўртдан бири шартномани бир йилдан кўпроқ муддатга узайтиришга рози.
Бироқ дастур иштирокчиларининг деярли барчаси украиналиклар учун ҳукумат тўлаётган ёрдам пули кўпайтирилиши керак деб ҳисоблайди. Сўровда қатнашган ҳар ўн кишидан саккизтаси қочқинларни овқатлантирганини, учдан икки қисми иш топишда ёрдам берганини ва 45 фоизи молиявий ёрдам кўрсатганини айтган.
Ҳар тўрт кишидан бири, агар уларга қўшимча молиявий ёрдам кўрсатилса, қочқинларни узоқроқ қабул қилишга тайёрлигини билдирган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар бўйича Олий комиссари идораси маълумотларига кўра, 24 февралдан бери 10,5 миллиондан ортиқ киши Украинани тарк этган, уларнинг 6,37 миллиони Европада, энг кўпи — 1,25 миллиони Полшада жойлашган.
Гўзал Алимова
LiveБарчаси